Тошкент бугун даҳшатли бокс оқшомига мезбонлик қилади

  • 29.05.2026 10:53
  • Javohir Malikov
  • 0
  • Бокс
Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Бугун Тошкент шаҳридаги "Ҳумо арена" мажмуасида Олимпия чемпионлари ва жаҳон проф ринги юлдузлари иштирокида катта профессионал бокс ошқоми бўлиб ўтади.

Мазкур кеча WBC Eurasia, Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси ҳамда Lift Promotion ҳамкорлигида ўтказилиб, бир қатор муҳим ва принципиал жангларни ўз ичига олади. Беллашувлар давомида халқаро рейтинг очколари учун курашлар билан бирга айрим вазн тоифаларида WBC Eurasia чемпионлик камарлари соҳиблари ҳам аниқланиши режалаштирилган.

Марказий жангларидан бири эса икки карра Олимпия чемпиони кубалик Робейси Рамирес ҳамда маҳоратли боксчи Асрор Воҳидов ўртасида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Шунингдек, профессионал боксда юқори натижалар қайд этиб келаётган Муроджон Аҳмадалиев ҳам ушбу оқшом доирасида навбатдаги жангини ўтказади.

Оғир вазн тоифасида Олимпия чемпиони Лазизбек Муллажонов WBC Eurasia чемпионлик камари учун ринга кўтарилади. Яна бир Олимпия чемпиони Абдумалик Халаков иштирокидаги беллашув ҳам кечанинг энг кутилган жангларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Шу билан бирга, ярим оғир вазнда мағлубият нималигини билмаган Али Измаилов ҳам WBC Eurasia камари учун кураш олиб боради.

Шунингдек, дастурдан яна бир қатор рейтинг жанглари ҳам ўрин олган бўлиб, улар профессионал рингдаги янги номлар ва кучли рақобат муҳитини намоён этиши кутилмоқда.

Асосий кард:

Муроджон Аҳмадалиев – Хегли Москида

Асрор Воҳидов – Робейси Рамирес

Лазизбек Муллажонов – Луис Гарсия

Абдумалик Халаков – Рамадхан Идди 

Али Измаилов – Френк Шагембе

Шоҳжаҳон Абдуллаев – Дэнис Окоз 


Андеркард: 

Нусислом Исмоилов – Дулла Мбабе

Шоҳаббос Маҳмудов – Асадбек Бекмирзаев

Маълумот ўрнида, WBC Eurasia ташкилоти 2025 йил декабрь ойида МДҲ ва Қора денгиз минтақаси бокс бюроси негизида қайта ташкил этилган бўлиб, унга таниқли спорт функционери, ўзбекистонлик Гафур Раҳимов раҳбарлик қилиб келмоқда.

29 май куни Тошкентда ўтказиладиган мазкур профессионал бокс оқшоми нафақат мамлакатимиз спорт мухлислари, балки халқаро бокс жамоатчилиги диққат марказида бўлиши кутилмоқда. Жангларни юқори ташкилий даражада ўтказиш мақсадида WBC томонидан таниқли спорт арбоби Пэт Фиакко назоратчи сифатида тайинланган.

Жанглар 18:00 да бошланиши режалаштирилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!