Тошкент шаҳар ҳокимлиги нега "Пахтакор"га 7 млрд ажратди? Ҳокимлик матбуот хизмати муносабат билдирди
Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг "Пахтакор" клубига 7 млрд сўм маблағ ажратиши ҳақида хабар тарқалганди. Ҳокимлик матбуот хизмати бунга раддия берди.
"Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Пахтакор” ФК МЧЖнинг таъсисчиси ва бош ҳомийсидир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 апрелдаги “Футбол клублари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 261-сонли қарорига асосан “Пахтакор” футбол клуби Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига бириктирилиши ва ҳокимият бош ҳомий бўлиши белгиланган. Бу эса футбол клубининг харажатлари асосан Шаҳар ҳокимлиги маҳаллий бюджет даромадларининг орттирилган қисмидан қоплаб берилишини англатади.
Айни кунда “Пахтакор” ФК МЧЖнинг 334 нафар ходими бор, уларнинг 200 га яқини спортчилар бўлиб, булар – асосий таркиб, аёллар, ёшлар, футзал ҳамда уларнинг турли ёшдаги жамоалари ҳамда мураббийлардир. Жамиятнинг қолган аъзолари эса ОФК ва ЎФА регламенти асосида ишловчи хизматчилардир. “Пахтакор” ФКнинг академиясида эса бугунги кунда 300 дан ортиқ ёшлар таълим олаётган бўлиб, уларнинг мураббийлари ҳам МЧЖ ходимлари саналади. Ушбу жамоанинг меҳнат ҳақи, балансдаги 2 та база, 8 та стадионни сақлаш, футболчиларни витаминлар билан таъминлаш, зарур техник жиҳозлар хариди, вилоятлардаги ва чет эллардаги сафарлар харажатларининг барчаси таъсисчи, бош ва бошқа ҳомийлар зиммасидадир.
Шунга кўра, “Пахтакор” ФК МЧЖ раҳбариятиннинг Тошкент шаҳар ҳокимлигига 2023 йилнинг 13 июль куни юборилган хатида 2023 йил учун тасдиқланган харажатлар сметасига асосан 2023 йилнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, коммунал тўловлар ва ўйин ўтказиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун клубга 7 млрд сўм маблағ ажратилиши сўралган. Тошкент шаҳар ҳокимининг 433-14-0-Қ23 сонли қарори билан клуб фаолияти учун зарур маблағ ажратилган.
Бу маблағ футболни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, уни кимгадир тегишли тизимни молиялаштириш деган талқин ноўрин",-дейилади ташкилот баёнотида.
Фикрлар