Тошкент вилояти академиясида “English For Football” ўқув-дастури бўйича семинар бўлиб ўтди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ҳудудий болалар ва ўсмирлар футбол академиялари фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, академия битирувчиларининг келажакда етук футболчи бўлиб етишишларини таъминлаш, миллий ва ёшлар терма жамоалари учун муносиб номзодлар тайёрлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганидан хабарингиз бор.
 
Жумладан, жорий йилнинг 21 апрель куни Тошкент шаҳар болалар-ўсмирлар футбол академиясида “English For Football” ўқув-дастури бўйича семинар ўтказилди. 
 
Энди мана шундай семинар Тошкент вилояти академиясида бўлиб ўтди. Семинарни инглиз тили бўйича мутахассис Музаффар Саъдуллаев олиб борди. У йиғилганларга “English For Football” ўқув-дастурининг тақдимотини ўтказди. 
 
Тақдимот давомида инглиз тили бўлажак футболчилар учун хорижий мамлакатларда малака ошириш ва тажриба алмашиш учун мулоқот ўрнатиш, матбуот анжуманларида қатнашиш, хориж ОАВ ходимларига интервью бериш жараёнларида қай даражада муҳим эканлиги тушунтирилди. Куннинг иккинчи қисмида семинар иштирокчиларга махсус видеолавҳа намойиш этилди.
 
Семинар сўнггида академия тарбияланувчиларига “English For Football” китоби тақдим қилинди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!