“Тошкент йўлбарси” Руфат Рисқиев оғир хасталикдан сўнг вафот этди
Афсонавий боксчи Руфат Рисқиев бу дунёни тарк этди.
Тириклигидаёқ афсонага айланган Руфат Рисқиев 1949 йил 2 октябрда Тошкент вилоятининг Оққўрғон шаҳрида таваллуд топганди. Деярли бутун умрини боксга бағишлаган қаҳрамонимиз Ўзбекистон боксига тамал тошини қўйган Сидней Жаксоннинг илк шогирдларидан бири бўлганди.
У Собиқ Иттифоқ давридаги кучли рақобат, турли тўсиқлар ва адолатсизликларни енгиб, ўзбек муштининг нақадар қаттиқ эканлигини исботлай олганди.
Фаолияти давомида асосан -75 кг вазн тоифасида ажойиб натижалар қайд этган Рисқиев 4 карра Собиқ Иттифоқ чемпиони, жаҳон чемпиони ва Монреаль Олимпиадаси кумуш медали соҳиби бўлди.
Олимпиада финалида америкалик рекордчи Майкл Спинксга қарши жанг қилганини ҳам катта ёшли мухлислар яхши эслайди.
Спортчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг, мураббийлик ва ҳакамлик билан шуғулланди. Аммо рингдаги “даҳшатли” рақиблар ва ҳаётнинг жуда кўп “баланд-пастликлари” йиқита олмаган чемпионни хасталик тўшакка михлади.
Бироқ ундаги матонат, сабр ва иштиёқни синдира олмади. Касаллик туфайли оёқларидан ажралган бўлса-да, ўзидаги чемпионлик руҳини ҳар доим сақлаб қолди.
Сўнги йилларда оғир хасталик билан курашган Рисқиев 76 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар бермоқда.

Фикрлар