Траффорд “Сити”дан бадавлат клубга ўтади
Таркибини мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётган “Ньюкасл” клуби раҳбарияти дарвозабон масаласида “Манчестер Сити” посбони Жеймс Траффорд номзодига яна қайтди.
NewcastleWorld нашрининг маълумотига кўра, клуб футболчи вакиллари билан алоқага чиққан ва уни ёзда трансфер қилиш имкониятларини ўрганмоқда.
Манба маълум қилишича, “қарғалар” 23 ёшли дарвозабонни аввал ҳам икки мартаба сотиб олишга уринган. Ҳар икки ҳолатда ҳам Траффорд “Ньюкасл” билан шахсий шартнома шартларини келишиб олган, аммо клублар ўртасида келишув амалга ошмай қолган.
Англиялик дарвозабон якунланган мавсумда “шаҳарликлар”нинг асосий посбони бўлиши кутилган эди, аммо Жанлуижи Доннарумманинг ПСЖдан келиши ортидан унинг ўйин вақти кескин қисқарди.
2025/26 мавсумда Траффорд барча мусобақаларда атиги 17 та ўйин ўтказди. Ҳозир Англия терма жамоаси билан жаҳон чемпионатида иштирок этаётган футболчи мусобақа тугамагунча келажаги ҳақида қарор қабул қилмаслиги маълум қилинган. Transfermarkt унинг бозор қийматини 25 миллион евро деб баҳоламоқда.

Фикрлар