ЦСКА бош мураббийи "Андижон" билан учрашувдан сўнг: "Тажовузкор рақибга қарши ўйнадик, уларнинг олдинги ўйинини томоша қилгандик"

ЦСКА – “Андижон” (2:0) ўртасидаги учрашувдан кейин “армиячилар” бош мураббийи Владимир Федотов “Андижон” матбуот хизмати учун бироз вақт ажратди ва ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Владимир Валентинович, аввало бизга ўйиндан олган таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз?

- Бугунги учрашувдан таассуротларим яхши. Биз тажовузкор рақибга қарши ўйнадик. Якка курашларга бой беллашув бўлди, деб ўйлайман.  “Нагрузка”га асосланган ўйин кечди. Қайсидир вазиятларда имкониятларимиз яхши бўлди, голлар ҳам урдик. Ўйинимизга яна нимадир етишмади. Масалан, бир қанча вазиятларда бизга аниқлик етишмаганини айтишим мумкин. Ўйиннинг темпи ва унинг даражаси юқори кечди. Анталиядаги биринчи учрашувимизда яхши спарринг-рақиб билан майдонга тушдик.

Федотов

- Жамоангиз илк  бор “Андижон” клубига қарши ўйнади. Умумий маънода оладиган бўлсак, “Андижон” ҳақида нима дея оласиз?

- Адашмасам, бунгача улар битта ўйинда ўйнашганди ва биз буни томоша қилишга эришдик. Кўриниб турибдики, уларда ҳам дастлабки хориж йиғини ташкил қилинган. Албатта, жамоани яхши ҳаракат қилаётгани сезилиб турибди. Бундай йиғинларда ҳамма жамоа ҳар хил ҳолатда бўлади. Турли хил футболчиларни кўрикдан ўтказишади. Ҳозир бизда ҳам, уларда ҳам худди шундай жараён давом этмоқда. Ҳар ҳил “нагрузкалар” ва тайёргарлик жараёнларида турли хил ҳолатлар бўлади. “Андижон” учун ҳам, биз учун ҳам яхши ўйин кечди, деб ўйлайман.

федотов5

- ЦСКА футболчиси Аббос Файзуллаев ҳозирда Ўзбекистон терма жамоаси билан Қатардаги Осиё Кубогида қатнашяпти ва голлар уряпти. Табиийки, уни синчковлик билан кузатиб бораётгандирсиз...

- Албатта, Файзуллаевни кузатяпмиз. Шубҳасиз, Аббосга ва Ўзбекистонга мухлислик қиляпмиз. У ерда бизнинг ўйинчимиз тўп суряпти. Шунинг учун Осиё Кубогидаги фаолиятига беэътибор эмасмиз. Файзуллаев қандай ўйнаётганини барчамиз кўряпмиз ва бундан хурсанд бўляпмиз. У барчани ўзига қаратмоқда. Бутун мамлакатининг олқишига ҳам сазовор бўляпти. Аббосга яна шундай ҳаракат қилишини, маҳоратини кўрсатиб, янада сифатли ўйнаб, голлар уришини хоҳлаб қоламиз. Кейинги учрашувларда фақат ғалабалар тилаймиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!