Туркия футболида катта можаро: 149 нафар ҳакам четлатилди
Туркия Футбол Федерацияси (ТФФ) президенти Иброҳим Хажиосманўғлу маълум қилишича, ўйинларга пул тикиш билан боғлиқ текширув натижасида 149 нафар ҳакам фаолиятидан четлаштирилди.
Федерациянинг интизом қўмитаси уларни 8 ой -1 йил муддатга жазолаган. Айрим ҳолатларда эса умрбод дисквалификация қўлланилиши ҳам мумкин. Сўнгги беш йилни қамраб олган текширув давомида жами 152 нафар рефери, шу жумладан Суперлигадаги 22 нафар ҳакам ўрганилган, бироқ санкциялар 149 нафарига нисбатан татбиқ этилган.
Хажиосманўғлу таъкидлашича, терговга туртки бўлган воқеа жорий мавсумдаги “Анкараспор” – “Назилли Беледиеспор” (0:0) учрашувидан кейин бошланган.
“Аввалига 10–15 нафар шахсда қоидабузарлик аниқланади, деб ўйлаган эдик. Аммо ҳақиқий кўламни кўриб ҳайратда қолдик”, — деди ТФФ раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, иш ҳали якунланмаган — энди футболчиларнинг фаолияти ҳам текширув остига олинади.
“Ҳозир ҳамкасбларимиз якуний қарорлар устида ишлаяпти. Ҳаммаси шаффоф тарзда олиб борилади. Футболчилар рўйхати олинган, интизом қўмитаcига мурожаатлар тахминан 10 кун ичида юборилади”, — дея хабар берди "TRT Haber" нашри.



Фикрлар