Туркиянинг орзусини чиппакка чиқарган юлдузлар номи айтилди
Жаҳон чемпионатида плей-оффга чиқиш имкони қолмаган биринчи жамоа – Гаити терма жамоаси эди. Туркия – Парагвай учрашувидан кейин Гаити сафига яна бир аутсайдер қўшилди – Винченцо Монтелла бошқарувидаги Туркия терма жамоаси. Иккинчи марта кетма-кет мағлубият туркларнинг гуруҳдан чиқиш умидларини йўққа чиқарди.
Учинчи турда улар учун фақат регламентни бажариш учун ўйнайди холос. Бундай шов-шувли инқироздан сўнг Монтелланинг ўзи ҳам Тунис бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилган Сабри Лямуши қаторидан жой олиши эҳтимоли катта. Ҳолбуки, унинг қўлида жуда иқтидорли ва умидли таркиб бор эди.
Парагвайга қарши баҳсда ва умуман бутун турнир давомида Туркия терма жамоаси сафида кимлар ишончни оқламади? Шу саволга жавоб излаймиз. "Евро-футбол" нашри Монтелла шогирдларига субьектив баҳолар қўйди: ўйин бошидаги старт баҳоси – 6, энг юқори кўрсаткич – 10.
ПАРАГВАЙГА ҚАРШИ ЎЙИНДА ТУРКИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИНИНГ ЭНГ ЗАИФ УЧ НАФАР ФУТБОЛЧИСИ
АРДА ГЮЛЕР – 3,0.
Қадрли Арда, сизни қаердан излаш керак эди?
Гюлер бу чемпионатга Туркиянинг бош юлдузи сифатида келди, аммо ўз салоҳиятининг ҳатто учдан бир қисмини ҳам намойиш эта олмади. Парагвай футболчилари осонгина унинг чап оёғини назоратга олиб, "Реал" ярим ҳимоячисини ўйиндан бутунлай узиб қўйди.
Гюлер йўллаган учта зарбанинг иккитаси тўсиб қолинди, у ҳужумни ўткирлаштирувчи узатмалар ҳақида гўёки унутиб қўйди, ҳаммасини ўзи ҳал қилишга уринди. Оқибатда эса ўзи ҳам, жамоаси ҳам ютқазди.
КЕНАН ЙИЛДИЗ – 3,0.
Яна бир "ҳаммасини бир ўзи ҳал қилмоқчи бўлган" футболчи. Фаоллиги бўйича Кенанга даъво йўқ, ҳужумни тезлаштириш истаги ҳам бор эди. Лекин сенга шунча марта тўп ишониб топширилса, дриблинг ва зарбага чеклов қўйилмаса, самарадорлик ҳам бошқачароқ бўлиши керак.
Кенан тўлиқ эркинликка эга бўлди, аммо ҳал қилувчи паллада ундан ҳеч вақо чиқмади. 6 та зарба – бирорта гол йўқ, 4та узатманинг бирортаси манзилига етмади, дриблингда 4 марта тўпни бой берди, жами йўқотишлар сони 17 тани ташкил этди.
ИСМАИЛ ЮКСЕК – 3,0.
Юксек билан Туркиянинг ёш юлдузлари ҳақидаги суҳбатни якунлаб, энг катта омадсиз қаҳрамонга ўтамиз. Исмаил Кадиоглу тўпни ўз жарима майдонидан узоқлаштирган пайтда шундай ноқулай ҳолатда тўп йўлига тушиб қолдики, натижада Парагвайнинг голли ҳужумига замин яратиб берди.
Шундан сўнг ҳам Исмаил кўп югурди, лекин ҳаракатлари тартибсиз ва самарасиз бўлди, майдоннинг ҳеч бир қисмида фойда келтира олмади. Икки марта рақибдан осонликча алданиб ўтилди ва Монтелла уни 60-дақиқаёқ захирага олди.

Фикрлар