"Турон" бош мураббийи: "Мағлубиятга лойиқ эмасдик"

Cоcа-Cоlа Суперлига  9-турида ўз майдонида «Пахтакор»га мағлуб бўлган «Турон» клуби бош мураббийи Денис Бушуев жамоаси мағлубиятга лойиқ ўйин кўрсатмагани, ёшларга берилаётган имкон, Абега ва Норбековнинг майдонга туширлмагани сабаблари ва рақиб ажратмаслиги ҳақида гапирди.

«Бугун мағлубиятга лойиқ эмас эдик. Пенальтини аниқ амалга ошира олганимизда, менимча, ҳаммаси бошқача кечарди. Биринчи бўлимда қисқа ва ўрта паслар билан ҳимоядан чиқишда бироз муаммолар юзага келди. Иккинчи таймда узунроқ паслар орқали ўйнашга интилдик, сабаби рақиб юқорироқ жойлашган эди. Бугун мағлубиятни қабул қилиш қийин бўлмоқда, чунки, футболчилар яхши ўйнашди ва даражаларини кўрсатишди. Бунинг учун уларга раҳмат дейман.

Бугун қанотларда ёш футболчиларга имконият бердик. Улар ёмон ҳаракат қилишмади. Майдонга тушиш учун барча ҳақли. Барчаси машғулотларда тер тўкиб ҳаракат қилишяпти. Аммо майдонга фақат ўн бир кишини тушира оламан. Абега агар майдонга тушмаган бўлса, унга имконият берилмаяпти дегани эмас. Норбеков билан ҳам шундай ҳолат. У ҳам бугун ўйнамаган бўлса ҳам бизга керакли футболчи».

Мен умуман рақиб танламайман ва уларни ажратмайман. Суперлига вакилими, Про лигами, барчасига қарши жиддий тайёрланамиз. Кейинги рақиб «Шўртан» Про лига вакили бўлса ҳам уларга қарши жиддий тайёргарлик кўрамиз. Мана, бугун турнир жадвалида биринчи ва охирги ўринда бораётган жамоалар ўйнади, аммо майдондаги ўйинга қараб бундай дейиш қийин. Чунки жамоалар савияси ва даражаси ўртасидаги фарқ сезилмаслиги мумкин. Қолаверса, «Шўртан» ҳам бизга қарши бошқача мотивация билан майдонга тушади”, - деди Бушуев.

ЎзПФЛ матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!