"Турон" Фозил Мусаевни қандай кўндирди? Жамоага қайси легионер қўшилди? Яна кимлар келади? - Бош мураббий жавоб берди

“Турон” клуби ҳам чемпионатга жиддий ҳозирлик кўряпти. Шунга яраша таркибини ҳам маҳоратли футболчилар ҳисобига кучайтиришга эришяпти.

Кўриниб турибдики, Суперлига дебютанти шунчаки очко улашадиган жамоа ролини бажармоқчи эмас. “Турон” бош мураббийи Ислом Исмоилов эса ҳозирги тайёргарлик жараёни ва селекция борасида sports.uz мухбирининг бир қатор саволларига жавоб қайтарди.

- “Турон” жамоаси ҳам селекция борасида фаоллик кўрсатаётгани сезилиб турибди. Айни пайтда бу борада неча фоизга ишлар бажарилди? Умуман, селекциядан кўнглингиз тўляптими?

- Ҳали селекция ишларимиз давом этяпти. Яна бир-иккита тўлдиришимиз керак бўлган чизиқларимиз бор. Шунинг учун ҳозирда селекциямизни тўхтатганимиз йўқ. Тахминан 60-70 фоизга кўнглим тўлган дейишим мумкин. Аммо ҳали 100 фоиз эмас.

- Тўғриси, Фозил Мусаевнинг “Турон”га ўтишини кўпчилик кутмаганди. Чунки унинг олдида бошқа вариантлар ҳам бор эди. Гапнинг очиғи, “Турон”нинг бу ўйинчини қандай кўндира олгани қизиқ. Аслида Мусаевни таклиф қилиш кимдан чиққан ташаббус эди?

- Фозил Мусаев масаласида раҳбарият ташаббус билан чиқди. Шундай футболчини жамоамизга олиб келсак яхши бўларди дейишди. Шунга қараб биз футболчи билан музокаралар олиб бордик. Якунда ўзи билан келишувга эришдик.

- Аммо у билан музокаралар осон кечмагандир-а?

- Осон бўлгани йўқ. Фозил Мусаев ҳам ўзига яраша статуси бор ўйинчи. Унга ўзимизнинг ғояларимизни тушунтиришга ҳаракат қилдик. Келажакдаги мақсадларимиз қандайлигини айтдик. У бизни тўғри тушунди ва якунда ҳар икки томонга ҳам манфаатли бўлган ҳамкорликни ўрната олдик.

ислом1

- Мусаев арзон нархдаги футболчи эмас. Жамоага янги таклиф қилинган ўйинчилар орасида энг қиммати ушбу ўйинчи бўлиб турибдими?

- Бу ҳақида гапирсам ўйинчилар орасида низо бўлиб қолиши мумкин. Яхшиси, бу хусусида айтмаганим маъқул деб ўйлайман. Бу клубнинг ички сири.

- Шунингдек, жамоага сербиялик легионер келиши ҳақида айтгандингиз...

- Ҳа, легионер келган, бугун қўшилди. Эртага тиббий кўрикдан ўтказамиз. Кейин шартнома имзолаймиз. Албатта, бу борада сизларга хабар берамиз. У ҳужумкор ярим ҳимоячи.

- Булардан ташқари, жамоангизда яна қайси позицияларга ўйинчи кўришимиз мумкин?  

- Буни ҳам айтсам, ўзимиздаги футболчиларга оғир ботиши мумкин. Лекин иккита энг оғриқли чизиқларимиз бор. Шуларни тўлдириш устида иш олиб боряпмиз.

- Футболчиларнинг ишга бўлган муносабати қандай?

- Тайёргарлик режамиз асосида давом этяпти. Мана, ҳозирда Фарғонада “Ҳоким Кубоги”да иштирок этяпмиз. Ўйин бўлмаган кунлари тикланиш машқларини олиб боряпмиз. Футболчиларнинг ишга бўлган муносабати яхши.

ислом3_1

- “Ҳоким Кубоги”да натижа кўрсатиш асосий вазифами ёки бундан бошқа мақсад кўзланганми?

- “Ҳоким Кубоги”да олдимизга ҳеч қанақа вазифа қўйилмаган. Асосийси, мавсумга яхши тайёрланишимиз керак. Таркибимиздаги ўйинчиларни бу мусобақа учун “қурбон” қилиб юбора олмаймиз. Футболчиларимизни турли жароҳатлардан эҳтиёт қилган ҳолатда мавсумга тайёргарликни олиб боряпмиз. “Ҳоким Кубоги”даги мусобақада майдонлар талаб даражасида эмас. Шунинг ҳисобига ҳам ўйинчиларимизни эҳтиёт қиляпмиз. Аслида “Ҳоким Кубоги”даги иштирокимиз ҳам мавсумга тайёргарлигимизнинг бир қисми холос.

- Ундан кейинги режалар қандай?

- 5 февралдан Тошкентда йиғиламиз ва ўша ерда чемпионатга тайёргарликни давом эттирамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!