"Турон"нинг сербиялик легионери: Ўзбекистонлик футболчилар кўп югурар экан

"Турон" клуби ярим ҳимоячиси Синиша Бабич клуб матбуот хизматига интервью берди.

- Синиша, айтингчи "Турон" сафига келиб қўшилишингиз жараёни қандай юз берди?

- Биласизми, мен Сербия чемпионатида кўп йиллар ўйнадим. Шунингдек, бир мавсум Грецияда ҳам ўзимни синаб кўрдим. Агентим менга қўнғироқ қилиб Осиёдан ўз олдига юқори мақсадларни қўйиб келаётган ёш жамоадан таклиф борлигини айтди. Ўзбекистон чемпионатида кўп дўстларим бор. Шу сабабдан иккиланишсиз ушбу таклифни қабул қилдим. "Турон"нинг даражаси жуда юқори экан. Клубга келганимдан сўнг мен учун фаолиятимдаги янги бурилиш бўлиши мумкинлигини англаб етдим.

- Ўзбекистон сизда қандай таасурот қолдирди?

- Ўзбекистонда инсонлар жуда ҳам меҳмондўст ва меҳрибонлигини кўрдим. Бундан ташқари таомларингиз ҳам жуда мазали экан. "Турон"да мени жуда илиқ кутиб олишди. Менга бўлган муносабат ва яратиб берилаётган шароит аъло даражада. Бизни олдинда жуда зўр мавсум кутиб турганига шубҳа йўқ. Ўзбекистон чемпионатида кўп йиллар қолишимга умид қиламан.

Биласизми, юртингиз менга ёққанлиги туфайли бу ерга оиламни ҳам олиб келмоқчиман. Ўйлайманки, Ўзбекистон уларга ҳам албатта ёқади.

- Сизнинг футболдаги кумирингиз (севимли футболчиси) ким бўлган?

- Шубҳасиз Роналдиньо. Унинг тўп билан қандай муомала қилишини болалигимдан кузатиб бораман. Ҳозир ҳам бўш вақтимда у иштирок этган ўйинлар видеотасмаларини кўриб тураман. Биласизми, ҳамиша унинг юзида табассум бор ва завқланиб футбол ўйнайди. Роналдиньо майдонда бор бўлганида футбол жозибали кўринади. Мен айнан у билан бир хил позицияда ҳаракатланиб ўрганганман. Фаолиятим давомида унга ўхшашга, ундан ўрганишга ҳаракат қилдим, насиб бўлса бундан кейин ҳам шундай бўлади. Биламан, бу жуда қийин, чунки Роналдинью футбол тарихидаги энг буюк футболчилардан бири. Мен учун у ҳамиша биринчи рақамли бўлиб қолади.

- Ўзбек футболининг Европа чемпионатларидан қандай фарқини сездингиз?

- Юртингизга келганимга ҳали кўп бўлмади. Лекин бу ерда футболчилар тўп билан жуда яхши муомала қилишларини кўрдим. Ўзбекистонлик футболчилар майдонда кўп югуришар экан. Европача футбол кўпроқ тактик услубларга асосланган. Бу ердаги футболнинг ўзига яраша жозибаси бор, футболчи гол киритиш учун қаттиқ меҳнат қилишар экан. Умид қиламан, "Турон" олдиндаги мавсумни жуда яхши ўтказади. Имкон қадар рақиблар дарвозасига кўпроқ гол киритиб мухлисларни хурсанд қилмоқчимиз.

Маълумот учун, Синиша Бабич бугунга қадар "Пролетер Новий Сад" (2012-2015), "Войводина" (2015-2017), "Раднички" (2017-2018), "Крупа” (2018-2019), "Пролетер" (2019-2020) клублари сафида ҳаракат қилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!