"Турон"нинг тайёргарлик режаси тасдиқланди. Таркибга украиналик Черемисин ва сербиялик легионерлар қўшилади

Илк бор Суперлига йўлланмасини қўлга киритган “Турон” жамоаси кучлилар орасида очко улашувчи жамоа бўлиб қолмаслиги учун қишки йиғинга жиддий эътибор бермоқда.

Бу ҳақида жамоа бош мураббийи Ислом Исмоилов sports.uz мухбирига тайёргарлик режалари ҳақида маълумот берди.

-  Жамоамиз 2 январдан Қўқонда йиғилади, - дея гап бошлади, бош мураббий. -  Сабаби, клуб учун янги база қуриляпти. Ушбу қароргоҳимиз битгунга қадар Қўқондаги меҳмонхонада истиқомат қиламиз. Шундай қилиб, 2 январдан тайёргарлигимизнинг биринчи босқичини бошлаймиз ва йиғинимиз 15 кун давом этади. Таркибга Суперлигада тўп сурган бир қатор футболчиларни жалб қилганмиз. Аммо номларини айта олмайман. Чунки уларнинг ҳозирча ўз клубларида шартномалари бор. Янги йилдан кейин “Турон” билан шартнома тузилгач, расман эълон қиламиз. Қишки тайёргарлигимизни тўрт босқичга бўлганмиз. Қўқондаги йиғиндан сўнг, Фарғона вилояти ҳокими Кубогида иштирок этамиз. Ундан кейин Тошкентда тайёргарликни давом эттирамиз ва у ерда ҳам бир қатор назорат учрашувларини ташкил этмоқчимиз.

-  Ҳозиргача “Турон”га расман янги қўшилган футболчилар кимлар?

-  Даврон Умиров билан шартнома имзолаганмиз. Тожикистонлик легионер – Умаржон Шарипов билан ҳам келишувга эришганмиз. Ҳозирча шулар.

-  Илгари чемпионатимизда фаолият олиб борган украиналик дарвозабон Евгений Черемисинни ҳам “Турон”га қўшилиши ҳақида эшитдик...

-  Ростдан Черемисин билан боғланганмиз. Лекин матбуотда келишувга эришилди, деб нотўғри хабар берилган. Чунки биз ҳали у билан келишувга эришмаганмиз. Ҳозирча кўрикка чақирганмиз. Сабаби Черемисин 2020 йилда ҳеч қаерда фаолият олиб бормаган. Шу жиҳат туфайли у билан дарҳол шартнома тузиш масаласида ўйлантириб қўйди. Шунинг учун аввало Черемисинни кўрикка чақирдик. Бундан ташқари, яна бир қатор дарвозабонлар билан оғзаки келишиб қўйганмиз. Ҳаммаси январдаги йиғинда ҳал бўлади.

-  Таркибга яна бошқа легионерлар ҳам жалб этиладими?

-  Сербиялик бир нечта марказий ҳимоячиларни ҳам жамоамиз йиғинига таклиф этганмиз. Улар ҳам январдаги машғулотимизга қўшилишади. Лекин улар ҳам аввало кўрикда қатнашишади. Ҳали шартнома имзолаганимиз йўқ.

-  Улар илгари чемпионатимизда тўп суришганми ёки янги номларми?

-  Янги номлар.

-  Мураббийлар штабига кимлар қўшилади?

-  Мураббийлар штабига яна икки нафар мутахассис қўшамиз. Ҳали номлари аниқ эмас. Бизнинг қарашларимизга мос келадиган мураббийларни қидиряпмиз.

-  Яқинда жамоани Шукур Пўлатов билан Отабек Ҳайдаров тарк этганди. Булардан ташқари, яна кимдир тарк этдими?

-  Иккаласи жамоани ўз хоҳиши билан тарк этишди. Захирамизда қолиб кетаётган бир қатор футболчиларимизга про-лигадан қизиқишлар бор. Футболчиларга имконият бераман, деб айтганман. Лекин кимдир вариантим бор, кетмоқчиман деса рухсат берамиз. Бу ҳам йиғинлар давомида ҳал бўлади. Лекин жамоа ўзаги сақлаб қолинади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Islomkhuja Dilmurodovic
26/12/2020 21:47
Cheremesin rossiyalik
&
998915993686
24/12/2020 09:53
Eng asosiysi jamoa òyinchilari yulduzlik kasaliga uchramasa bòldi. Naxotki òzimizni qora kòzlar yòqmi shu Serbiyalik yarim ximoyachilarga kunimiz qomagandur. Xa nima bòlsa xam kelgusi mavsumni intiqlik bn kutyapmiz. Yangi tarix uchun olģa "TURON.