Тухель "Сити" АПЛдан чиқарилса ҳам, унинг футболчиларини нима қилишини айтди
Англия терма жамоаси бош мураббийи Томас Тухель «Манчестер Сити» атрофидаги молиявий можаро клуб футболчиларига қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирди.
Журналистлар унинг Премьер-лигадан чиқариб юбориш эҳтимоли бор жамоа ўйинчиларини миллий термага чақиришда давом эттириш-эттирмаслиги билан қизиқди.
Тухельга кўра, терма жамоага номзодларни танлашда клубнинг лигадаги мақоми эмас, футболчининг ҳолати ва фойдаси асосий мезон бўлиб қолади.
«Мен ҳар доим терма жамоа учун мавжуд барча футболчиларни кўриб чиқаман. Улар муайян ўйин, йиғин ёки мусобақада жамоага қай даражада ёрдам бера олишига қараб баҳолайман. Футболчининг энг юқори дивизионда ўйнамаётгани уни автоматик равишда терма жамоадан четлатиши керак дегани эмас. Ҳар бир вазият алоҳида кўриб чиқилиши лозим», — деб таъкидлади Тухель.
Эслатиб ўтамиз, мустақил комиссия «Манчестер Сити»ни Премьер-лига молиявий қоидаларини кўп маротаба бузган, деб топган. Клуб бу хулосага рози эмас ва қарор устидан апелляция берган.

Фикрлар