U-20 терма жамоамизнинг мундиалдаги иштирокидан сўнг: "Ўзбекистон футболи тўғри йўлдан кетяпти, жаҳон чемпионатига чиқишнинг ўзи катта бахт"
Аргентина майдонларида ўтаётган U-20 жаҳон чемпионатида терма жамоамиз афсуски 1\8 финалда иштирокини якунлади. Исроилга қарши ўйиннинг ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқанинг охирида терма жамоамиз стандарт вазиятдан тўп ўтказиб юборди ва мусобақа билан хайрлашди. Бу жуда аламли мағлубият бўлди.
Исроилга қарши учрашувдан кейин албатта фикр ва мулоҳазалар билдирилиши табиий. Мухлисларимиз яхши танийдиган мутахассислардан бири Абдуқаҳҳор Маъруфалиев терма жамоамизнинг Исроилга қарши ўйини ва мундиалдаги иштирокимиз ҳақида шундай деди:
“Йигитларга раҳмат, шунчалик даражада, жаҳон чемпионатига чиқиб ўйнашнинг ўзи бўлмайди. Ўз вақтида биз чиқа олмаганмиз, улар уддалашди. Мундиалда яхши ўйин кўрсатишди, баракалла. Барча футболчиларга ташаккур айтамиз. Дунё бўйича энг кучли терма жамоалар орасида бўлишнинг ўзи катта гап. Янги Зеландия билан дуранг ўйнашди, ғалабага ҳам яқин келгандик. Охирги ўйинда чарчоқ билиниб қолдими, билмайман, бироз қийналишди. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Сўнгги дақиқада жарима тўпидан кейин дарвозамиздан тўп ўтказиб юбориб, ютқазиб қўйдик. Қўшимча вақтларга оз қолганди. Шунда ҳам барибир йигитларимизга раҳмат. Нимчорак финалдан ҳам ўта олардик, озгина омад етишмай қолди. Жаҳон чемпионатида кўплаб бўлажак юлдузлар ўйнашяпти. Терма жамоамизда ҳам бир қатор ўйинчилар Худо хоҳласа, Европа клубларида ўйнаб кета оладилар. Агар омад кулиб боқса, бир қатор футболчиларимиз европалик скаутлар нигоҳида бўлиб турган бўлишса ажаб эмас.
Тўғрисини айтсам, терма жамоамиз гуруҳда яхши ўйнади ва ўз кучини кўрсатди. Масалан, илк турда ёрқин таассурот қолдирди. Исроил тўсиғидан ўтганимизда Бразилия билан бемалол курашардик. Исроил ҳам яхши жамоа экан. Эшитишимча, улар Европанинг вице-чемпиони экан. Рости, улар ҳам зўр ўйнашди. Балки олдингиларга қараганда, бизда бироз ҳадиксираш бўлдими, билмадим. У ердаги муҳитга, об-ҳавосига мослашув қандай таъсир қилди экан? Лекин шунда ҳам ўйинчиларимизга раҳмат. Қийин гуруҳда бўлса-да, 1\8 финалга чиқа олишди, бу ҳам катта ютуқ. Худо хоҳласа, кейинги жамоаларимиз мундиалларда янада яхшироқ натижалар кўрсата олади. Мана, ўйнаса бўларкан-ку! Демак, Ўзбекистон футболи тўғри йўлдан кетяпти.
Ҳар доимгидек Аббос Файзуллаев кўпроқ ёқди. Ўнг қанот ярим ҳимоясидаги Муҳаммаджонов ҳам чакки эмас. Менимча, терма жамоамизга барибир ўткирроқ ҳужумчи топишимиз керак. Исроилга қарши ўйнаган дарвозабонимиз ҳам ёмон эмас экан. Терма жамоамиздаги йигитларнинг келажаги порлоқ, бунга ишонаман. Жаҳон чемпионатига чиқишнинг ўзи катта бахт. У ерда эса нимчорак финал иштирокчисига айланиш ҳам ҳар кимга насиб қилмайди. Йигитларимизга қойил!”, - дея фикр билдирди, Маъруфалиев.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар