У Гужадан кучли, янги топилма! Футболга "Биринчи қалдирғоч"ни кўриб қизиққанман - ёхуд Ҳамиджон Актамов "Қизилқум" билан соврин ютмоқчи

Тошкентда шуғулланаётган “Қизилқум” таркиб ўзагини сақлаб қола олди. Жамоа бош мураббийи Ҳамиджон Актамов билан суҳбатлашиш эса доим қизиқарли.

У бошқалардан фарқли ўлароқ дангал гапиришни яхши кўради. Жамоасининг янги мавсумга тайёргарлиги хусусидаги саволларимизга жавоб қайтарар экан, яна ўзига хос фикрлари билан эътиборимизни тортди.

- Ҳозирда қорли об-ҳаводаги тайёргарлик ишлари қандай кетяпти?

- Раҳматли Ҳожибой Тожибоевни гапи бор-ку, руслар айтган экан, нимага ўзбеклар ёзнинг жазирамасида ҳам иссиқ чой ичади деб, шунда Ҳожибой Россияда 9 ой қиш бўлади, нега сизлар совуқда ҳам музқаймоқ ейсизлар, деган экан. Уларда ҳам ўз футболи бор. Айтмоқчиманки, қор ёғди деб уйда ўтирмаймиз-ку. Бизнинг ишимиз кўчада. Аксинча, қорда ишлашни ҳам завқи бошқача бўлади. Футболчиларнинг кайфияти кўтарилади. Бу ўйинчиларни чиниқтиради. Фақат режамизга бироз таъсир қилган жойи шунда бўлдики, ўртоқлик учрашувларини ўтказа олмасак керак. Чунки майдон йўқ-да. Қорли майдонда футбол ўйнаб бўлмайди.

- Ҳа, “Навбаҳор”га қарши ўйининглар ҳам қолдирилибди...

- Ҳа, тўғри.

- Яна қайси учрашувлар режалаштирилган?

- 27 январь куни “Локомотив” билан майдонга тушишимиз керак. Лекин барибир об-ҳавога қараймиз. 28 январда Туркияга жўнаб кетамиз. У ерда 14-15 кун бўламиз.

- Мазкур хориж йиғинидан кўзланган мақсад қандай? Асосий эътибор нимага қаратилади?

- Жисмоний ҳолатимизни яхшилаб олсак, у ерда ўйин амалиётимизни оширишга кўпроқ эътибор қаратамиз. Сафимизга тўртта янги ўйинчи қўшилган. Жамоани бир-бирига янада яхшироқ жипслаштириш учун кўпроқ ўйин амалиёти керак ва назорат учрашувларини ўтказамиз.

- Шу ҳақида сўрамоқчи эдим, Туркияда “Қизилқум”нинг рақиблар кимлар?

- Россиянинг “Алания” жамоаси билан ўйинимиз аниқ бўлган. Қозоғистоннинг “Актобе” клубига қарши ҳам майдонга тушамиз. Шунингдек, Даниянинг Суперлигасидаги жамоа билан ҳам ўйнаймиз.

- Боя тўртта янги ўйинчи ҳақида айтдингиз. Улардан иккитаси Элгужа Григалашвили билан Матэ Ватцадзе. Қолган иккитаси-чи?

- Беҳруз Саъдуллоев. У “Бухоро” клубида тўп сурган. Григалашвили ва Ватцадзени биласиз. Яна бир янги топилмамиз бор. У ҳам грузиялик Георги Куханидзе. Грузия ёшлар терма жамоасида барқарор тўп сурган. Энди бўлса, миллий термасида иштирокини бошлаяпти.

- 2018 йили Григалашвилини олиб келганингизда ўша пайтда у ҳам ўзига яраша топилма сифатида эътироф этилганди. Куханидзе ҳам шундайми?

- У Гужадан кучли футболчи. Ўз позициясида ажойиб ўйин кўрсатади. Насиб қилса, Куханидзе яхши кашфиёт бўлади. Ҳужумкор ярим ҳимоячи. Охирги жамоаси “Динамо” Тбилиси.

- Қизиғи, Григалашвилини ҳам, Ватцадзени ҳам илк бор чемпионатимизга сиз олиб келгансиз. Энди эса Куханидзе. Легионерларни танлашда таъбингиз нозик. Айниқса, грузияликларга эътибор қаратасиз. Улар билан алоқангиз яхшими?

- Грузия футболига қизиқаман. Уларнинг “Биринчи қалдирғоч” деган киноси бор. Ўша кино сабабли мен футболга қизиқиб кетганман. Грузинларда индивидуал маҳорати кучли ўйинчилар кўп. Ҳозирги футболда индивидуал жиҳатдан кучли футболчилар кўпроқ натижа беряпти. Ҳар доим мана шундай ўйинчиларни излашга қизиқаман ва эътибор қаратаман.

- Жамоангизга яна янги футболчилар қўшиладими ёки таркиб аниқми?

- Бу таркибни тузганимизга ҳали олти ой бўлгани йўқ. Ўтган йилнинг август ойида шакллантиргандик. Яна буларни қўйиб юбориб ўрнига бошқаларни чақириш мақсадга мувофиқ эмас. Биз мана шу таркибни яхши танладик деб ўйлайман. Асосий ўйинчиларни сақлаб қолдик. Ўтган йили ҳужум чизиғида кўпроқ қийналдик. Шунинг учун бу муаммони ҳал қилиш учун ҳужумкор футболчиларни олиб келдик.

- Клубни Шодиев билан Томива тарк этганди. Ундан ташқари яна кимлар кетди?

- Алишер Саноев ва россиялик Руслан Маргиев ҳам кетди.

- Тачмурод Агамуродов сизга ёрдам беришда давом этяптими?

- Ҳа, ҳозирча маслаҳатчи мураббий бўлиб ишлаб турибди.

- “Қизилқум”нинг мақсади аниқми?

- Мақсадимиз медаллар учун курашиш.

- Бунга қанчалик ишоняпсиз?

- Ҳамма вақт маррани кенгроқ оламан. Барчаси яхши бўлишига ишонаман.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!