У ҳам охирги ўйинини ўтказдими ёхуд "Пахтакор"нинг қизиқиши ва иккинчи даврани қаерда бошлаши ҳақида "Андижон" етакчиси билан суҳбат

“Андижон” таркибида кўзга ташланиб турган ёш истеъдодлардан бири – Дониёр Абдуманнопов аллақачон ўзимиздаги ва хориждаги клубларнинг эътиборига тушган. Жуда абжир йигит.

Биринчи даврадаги кўплаб ўйинларда у “Андижон”нинг энг яхшиларидан бири бўлди. Аслида мавсум аввалида андижонлик ушбу иқтидор эгаси фаолиятини бошқа клубда давом эттириши ҳам мумкин эди. Бироқ у чемпионатни яна бир бор севимли жамоасида бошлашга қарор қилди.

Шунга қарамай, футболчига таклифлар бўлиб турибди. Sports.uz мухбири куни кеча Абдуманнопов билан боғланди. Аввало “Навбаҳор” майдонида қўлга киритилган ғалаба билан суҳбат бошланди.  

- “Андижон” водий дербиси доирасида “Навбаҳор”га қарши учрашувда ўта муҳим ғалабага эришди. Бу ниманинг эвазига қўлга киритилди?

- Авваламбор, яна бир марта “Андижон” жамоасини ажойиб ғалаба билан табриклайман. Албатта, ўйин дербига хос тарзда ўтди. Шу билан бирга бу учрашув қизиқарли вазиятларга ҳам бой бўлди деб бемалол айта оламан. Бош мураббийимиз жамоани ўйинга яхши тайёрлай олди. Қолаверса, футболчиларда ғалабага бўлган хоҳиш юқори бўлгани учун ғалаба қозондик, деб ўйлайман.

абдуманнопов3_1

- Бир қарашда ўйин дурангга қараб кетаётгандек эди. Аммо охирги сонияларда “Андижон”нинг ғалаба голини уриб кетишини деярли ҳеч ким кутмаганди. Шундай экан, сизлар ҳам учрашув тугамасидан аввал бир очкога розимидинглар?

- Ундай деб ўйламайман. Жамоалар ҳар сонияда ҳужумга ўтишга ва гол уришга уринишди. Худога шукр, ғалаба қозониш бизга насиб қилган экан.

- “Навбаҳор” билан ўтказилган учрашув Жасур Жалолиддиновнинг “Андижон”даги охирги ўйини бўлди ва у “Локомотив”га ўтиб кетди. Айтинг-чи, мазкур ўйин сиз учун ҳам “Андижон”даги сўнггиси бўлдими?

- Олдиндан аниқ бир нарса дея олмайман. Вариантларни кўриб чиқамиз. Бу борада дадам билан маслаҳатлашиб кейин бир қарорга келамиз. Чунки дадам менга ўсишим учун тўғри йўлни кўрсатади. Шу боис дадам айтган қарорни тўғри деб ҳисоблайман.

абдуманнопов5

- Бу саволни бежизга берганим йўқ. Чунки охирги пайтларда сизга “Пахтакор”дан жиддий қизиқиш бўлаётгани хусусида эшитиб турибмиз. Чемпион жамоа сафида ўзингизни қандай тасаввур қиляпсиз ёки бу сиз учун катта таваккалчиликми?

- Бу “Пахтакор” билан ўйиндан сўнг бўлди. Ўйлашимча, ҳамма жойда ҳам рақобат бўлади. Табиийки, кучли ўйинчиларнинг орасида ўсиш ҳам бўлади. Қайси жамоа бўлмасин рақобатга тайёр бўлиш керак, деб ўйлайман.

- Агар воқеалар ривожи тезлашиб, сиз “Пахтакор”га қўшилсангиз, у ерда ўйнаб кетишга қанчалик тайёрсиз?

- Албатта, борган жойимда рақобатлашаман, айнан шундай ҳолатда футболчи сифатида янада кўпроқ ўсишга эришишим мумкин.

абдуманнопов

- Бундан ташқари, хизматингизга хориж клубларидан қизиқиш борлиги ҳақида ҳам маълумотларга эгамиз...

- Ҳа, албатта четдаги клублардан ҳам таклифлар бўлиб турибди. Агар аниқ бир гап бўлса, бу ҳақда ҳам хабарлар чиқади.

- Хориж клублари орасида айнан қайси таклиф сизни кўпроқ қизиқтиряпти?

- Бу саволга ҳозир жавоб бера олмайман.

абдуманнопов1_1

- Барибир кўпчиликни кейинги фаолиятингиз қандай кечиши қизиқтиряпти. Иккинчи даврани яна “Андижон”да ўтказиш имкониятингизни неча фоизга баҳолайсиз?

- Бу хусусида аниқ бир нарса айта олмайман.

- Умуман олганда, “Андижон”нинг деярли якунига етган биринчи даврадаги иштироки хусусида қандай хулосага эга бўлдингиз? Чунки жамоа фақат иккита ўйинда ғалаба қозонди. Кўпчиликнинг наздида таркиб етарли даражада кучли эмасдек...

- Жамоамиз бу йил деярли янги йиғилди. Эски ўйинчилар қолмаган. Футболчилар билан бир-биримизни тушунишга ва ўз ўйинимизни топишга узоқ вақт кетиб қолди. Менимча, бунинг сабаби шу бўлса керак.

абдуманнопов2_1

- Иккинчи даврада чемпионатдаги интрига янада қизийди. Сабаби, барча клублар кучайишга ҳаракат қилмоқдалар. “Андижон”нинг Суперлигада жон сақлаб қолиш имконияти хусусида қандай фикрдасиз?

- “Андижон” Суперлигада қолиш учун курашмайди. Худо хоҳласа, жамоа иккинчи даврада умуман бошқача ўйин кўрсатади ва юқори ўринларга кўтарилади.

- Иккинчи даврада жамоага янги бош мураббий зарурми ёки Ёрқин Назаровга ишонч билдиришда давом этиш керакми? Шахсий муносабатингизни билмоқчимиз.

- Ёрқин ака “Андижон”да бош мураббий бўлиб ишлаётганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Лекин жамоа ўйинида яхши ўзгаришлар бор. Мураббий футболчиларни ўйинларга ҳар томонлама тайёрлаяпти. Менимча, ўйинларимиз мухлисларга ҳам ёқяпти. Шунинг эвазига Наманганда яхши натижага эришдик.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!