У тўхтамоқчи эмас! 49 ёшли Чусовитина нуфузли турнирда ғолиб чиқди

Россиянинг Новосибирск шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича “Евгений Подгорний соврини учун” нуфузли мусобақа бўлиб ўтди.

Хотин-қизлар ўртасида спорт гимнастикасининг алоҳида турлари бўйича ўтказилган таяниб сакраш беллашувларида ҳамюртимиз Оксана Чусовитина ғолиб бўлди.

Саралаш баҳсларида энг яхши натижа қайд этган спортчимиз финал мусобақаларида ҳам ўзини кўрсатди. 49 ёшли гимнастикачимиз ҳал қилувчи баҳсларда 13,266 балл тўплаб, олтин медални қўлга киритди.

Оксана Чусовитина 2024 йилги Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнида жароҳат олиб, Парижга бора олмаган эди. Новосибирскдаги турнир ҳамюртимиз саломатлигини тиклаб олганидан кейинги биринчи мусобақа бўлди.

Чусовитина бу ғалабадан кейин 2028 йили Лос-Анжелес мезбонлик қиладиган Олимпия ўйинларида иштирок этишни мақсад қилиб қўйганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, бир неча рекордлар соҳибасига айланган спортчимиз 1992 йили Барселона Олимпиадасида олтин, 2008 йили Пекин Олимпиадасида бронза медалга сазовор бўлган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!