Уч гранд бир юлдузни талашяпти
Англия Премьер-лигасининг уч бадавлат клуби – “Арсенал”, “Челси” ва “Манчестер Юнайтед” жорий мавсумда “Астон Вилла” сафида порлаётган қанот ҳужумчиси Морган Рожерсга қизиқиш билдирмоқда.
Ўтган мавсумдан бери Роджерс 24 та гол урди ва 23 та голли узатма амалга оширди, шунингдек, у Англия терма жамоаси бош мураббийи Томас Тухель томонидан Харри Кейн ортидаги “10-рақам” позицияси учун устувор вариант сифатида қаралмоқда.
Ўтган ёзда ҳам “Арсенал” ва “Челси” Рожерсга қизиқиш билдирган, аммо у “Вилла Парк”да қолиб, клуб билан 2031 йилгача янги шартнома имзолаган эди.
The Times нашри маълумотига кўра, ёзги трансфер ойнаси яқинлашар экан, “канонирлар” ва “аристократлар” ўз қизиқишини янада фаоллаштирган, футболчига “Манчестер Юнайтед” ва “Пари Сен-Жермен” ҳам жиддий эътибор қаратмоқда.
Daily Mirror нашри хабар беришича, Рожерсга даъвогарлар қаторидан “Бавария” ҳам ўрин олган ва Бундеслига клуби бу трансфер учун маблағ аямоқчи эмас.
Таъкидлаш жоизки, агар “Астон Вилла” келаси мавсум учун Чемпионлар лигасига йўлланма ололмаса, клуб Рожерс бўйича таклифларни кўриб чиқади.
Ҳозирда футболчининг қиймати 80 миллион фунтдан юқори баҳоланмоқда ва бонуслар билан бирга трансфер суммаси 100 миллион фунтгача етиши мумкин.

Фикрлар