УЕФАга тақлид қилган ОФК! Келаси мавсум "Чемпионлар лигаси" ва "Европа лигаси"да қайси клубларимиз ҳаракат қилади

Ҳабарингиз бор, янги 2024/2025 йилги мавсумдан эътиборан Осиё чемпионлар лигаси янгича форматда ўтказилиши белгиланган. 

Янгилик бўладиган жиҳати шуки, худди УЕФА шафеълигидаги мусобақаларга ўхшаб учта даражали турнирлар ўтказилади. Қитъанинг энг нуфузли мусобақаси эндиликда ЭЛИТ чемпионлар лигаси деб аталади ва унда ОФК коеффициентлар жадвалининг энг юқори ўринларидаги жамоалар беллашади. Янгича форматдаги олий мусобақада 24 та жамоа иштирок этиши белгиланган. Ҳозирга қадар эса нақд 21 та клуб аллақачон ўз иштирокини кафолатлаб бўлган. Жанубий Кореядан 3 та - “Гванжу”, “Поханг Стилерс” ва “Улсан Хюндай Моторс”. Шунингдек, Япониядан хам 3 та - “Кавасаки Фронтале”, “Виссел Кобе” ва “Йогокама Маринос”. Бундан ташқари, Хитойдан 2 та “Шанхай Шеньхуа” ва “Шанхай Порт”, Таиланддан “Бурирам Юнайтед”, Австралиядан - “Централ Кост Маринес”, Малайзиядан “Жоҳор Дарул Таъзим”, Саудия Арабистонидан “Ал-Ахли”, “Ал-Хилол” ва “Ан-Насср”, Қатардан “Ар-Раян” ва “Ас-Саад”, Бирлашган Араб Амирликларидан “Ал-Айн” ва “Ал-Васл”, Эрондан “Персеполис” ва “Истиқлол Техрон” жамоалари иштирок этиши кўзда тутилган. Қувонарли жиҳати, мазкур турнирда Ўзбекистондан ҳам жамоа иштирок этади. Мамлакатимиз шарафини “Пахтакор” химоя қилади. Қолган 3 жамоа номи плей-офф баҳсларидан кейин маълум бўлади. 

Нуфузи жиҳатдан иккинчи ўринда турувчи мусобақа ОФК иккинчи чемпионлар лигаси деб номланади. Унда биз олдиндан ўрганиб қолгандек 32 та жамоа ғолиблик учун кураш олиб боради. Бу мусобақада ҳам Ўзбекистон учун 1 та квота ажратилган. Бу турнирда мамлакатимиз шарафини Ўзбекистон кубоги ғолиби (янги мавсумда "Насаф") ҳимоя қилади. Агарда ҳам чемпион, ҳам кубок соҳиби бир жамоа бўлса, у ҳолда Суперлигада кумуш медалларни қўлга киритган жамоа мазкур турнирда иштирок этади. 

Учинчи даражали мусобақа “Чақирув Лигаси” деб номланган бўлиб, нуфузи аввалги ОФК кубоги турнирига тенг хисобланади. Афсуски, бу ерда бизнинг клубларимиз учун квота ажратилмаган.

Айрим йиллар давомида нақд тўртта клубларимиз Осиё чемпионлар лигасида иштирок этиб келди. Бироқ натижалар умуман кўнгилдагидек бўлмади. 90-95 фоиз ҳолатларда гуруҳ босқичидаёқ клубларимиз ўз юришини тўхтатишга мажбур бўлди. Ўйлаймизки, шу икки лигада иштирок этувчи клубларимиз буёғига ижобий натижалар қайд этиб, клубларимиз учун ажратилган квоталар сони ошишига ўз ҳиссасини қўшади. 


 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!