"UFC 300" турнири олдидан Sports.uz сайти имкониятларни баҳолаб чиқди!

  • 8 апрель, 16:25
  • 0
  • MMA

Маълумки, 14 апрель тонгида “UFC 300” турнири бўлиб ўтади. Юбилей турнир бўлганлиги сабабли кард жуда “даҳшат”ли тарзда тузилган.  Албатта, Дейвесон Фигередо, Коди Гарбранд, Жессика Андраде каби промоушен юлдузларининг жанги эрта прелимдан ўрин олганлиги ҳам бунга яққол мисол бўлади.

Хуллас, биз ушбу 13 та жангдаги имкониятлар ҳақида ўз тахминимиз билан ўртоқлашамиз...

Дейвесон Фигередо (Бразилия) – Коди Гарбрант (АҚШ)
 

- Икки собиқ чемпионларнинг тўқнашуви ҳам қизиқарли ўтиши аниқ. Маълумки, Фигередо супер енгил вазн (56,7 кг) тоифасида чемпионликка сазовор бўлган бўлса, Гарбрант ўта енгил (61,2 кг) вазннинг собиқ чемпиони ҳисобланади. Ҳар иккиси катта жангларни, жиддий рақибларни кўрган. Плюс ва минус жиҳатларга тўхталадиган бўлсак, Фигередо рақибидан 4 ёш катта яъни, 36 ёшда. Табиийки, Гарбрант ёшроқ ва бу ҳам қисман унга устунлик беради. Сабаби, бу кичик вазн тоифаси ва бунда албатта, ёш роль ўйнайди. Қолаверса, Фигередо учун бу дивизиондаги 2-жанги ҳисобланади. Яъни, аввал у бир вазн пастда ҳаракат қилган. Бу ҳам Гарбрант учун плюс жиҳат. Аммо, Гарбрантнинг “жағи бақувват” деб бўлмайди. Фаолиятидаги мағлубиятларининг 5 тасининг 4 тасида техник нокаут ва нокаут билан мағлуб бўлган. Фигередо эса бу борада анчагина матонатли саналади. Шунингдек, Коди очиқроқ жанг қилади. Ҳимояда хатоликлар кўп. Хуллас, брача омилларни тарозига солиб кўриб, бу жангда Фигередонинг имкониятини юқорироқ баҳоладик. Яъни 55/45 Фигередо!

Бобби Грин(АҚШ) – Жим Миллер (АҚШ)

- Енгил вазн тоифаси фахрий жангчиларининг тўқнашуви. Грин 37 ёшда, Миллер эса 40 ёшда. Бир-бирига жуда мос рақиблар. Миллер рақибига нисбатан сабмишенларни амалга оширишга уста саналади. Грин эса “стойка”да кучлироқ. Назаримда бу жангда Грин устунроқ. Имкониятларни 60/40 дея баҳолаган бўлардим. Албатта, Грин фойдасига!

Жессика Андраде (Бразилия) –Марина Родригес(Бразилия)

 

- Икки бразилиялик қизларнинг ўзаро ҳисоб китобида нисбатан бироз устунликни Жессика Андрадега берган бўлардим. Ҳар ҳолда, унинг “партер”да Родригесга нисбатан фойдали иш коээфциенти кўпроқ. Қолаверса, Андраде икки дивизионда жуда кучли рақиблар билан, катта жангларда иштирок этган. Валентина Шевченко, Роуз Намаюнас, Вейли Жанг, Йоанна Енжейчик.... хуллас, рақибасидан анчагина тажрибалаи саналади. Имкониятлар 55/45 Андраде!
 

Жалин Тёрнер (АҚШ) – Ренато Мойкано (Бразилия)
 

- Бу жангда кўпроқ имконият Жалин Тёрнерда деб ўйлайман. Очиғи, Тёрнернинг габарити анчагина катта. Енгил вазнда кўп вазн ташлай олиш қобилияти борлиги учун фаолият юритмоқда, деб ўйлайман. Мойкано зўр житсер саналади. Бироқ, унинг кучли жиҳати Тёрнерга ўтмайди, деб ўйлайман. Бу жангда имкониятларни 60/40 дея баҳолаган бўлардим!
 

Диего Лопес (Бразилия) – Содиқ Юсуф (АҚШ)
 

- Бу қарама-қаршилик Диего Лопеснинг устунлиги остида кечади, деган фикрдаман. Лопес жуда иқтидорли жангчи мени назаримда. Ажойиб житсер, “стойка”си ҳам ёмон эмас. Хуллас, имкониятлар 65/35 Лопес!

Холли Холм (АҚШ) – Кайла Харрисон  (АҚШ)

 

- Ҳа, Холли Холм зўр жангчи. У Ронда Роузи эрасига якун ясаган, кучли атлет. Бироқ, у ҳозир 42 ёшда. Харрисон эса айни кучга тўлган, 33 ёшда. Биласиз, Харрисон ММАга жаҳоннинг энг кучли дзюдочиларидан бири сифатида кириб келган. Икки карра Олимпиада чемпиони, жаҳон чемпиони саналади. PFLдан UFCга қўшилган Харрисон жаҳоннинг энг кучли дивизионида дебют қилади. Хуллас, бу жангда Харрисон муддатидан аввал ғалабани қўлга киритса керак. Имкониятлар 70/30.

Алджамейн Стерлинг (Ямайка) – Келвин Каттар (АҚШ)

 

- Бу қарама-қаршилик тўлиқ 3 раунд давом этса керак, деган фикрдаман. Стерлинг бу жангда курашини эвазига доминантлик қилади. Жанг асосан “партер”да кечади. Стерлинг назорат қилади, Каттар эса бундан чиқишга ва ҳимояланишга уринади. Хуллас очколарга кўра, Алджо ғалаба қозонади, деб ўйлайман. Имкониятлар 60/40.

Иржи Прохазка – Александр Ракич

 

- Қизиқарли жангни гувоҳига айланамиз. Бироқ, бу жангда “Самурай” нинг имконияти юқори деб ўйлайман. Қолаверса, у Алекс Перрейрадан учралган мағлубиятни ёпиб кетиш керак бўлади. Мотивация бор. Умуман олганда ҳам, Прохазка ноодатий жангчилар сарасига киради ва у Ракичдан устун. Жанг муддатидан аввал якунланади. Прохазка ТКО ёки КО эвазига ғалаба қозонади. Имкониятлар 70/30.
 

Бо Никал (АҚШ) – Коди Брандейж (АҚШ)
 

- Никал учун “осон пуллар”... Яъни нисбатан жуда осон рақиб. Албатта, бу ММА ва унда ҳар қандай ҳолат юзага келиши мумкин. Бироқ, имкониятлар нуқтаи назардан, бу сафар ҳам Никал қийинчиликка учрамай ғалаба қозонади, деган фикрдаман..Кодига ҳурматни сақлаган ҳолда айтишим мумкинки, 1-раунднинг ўзидаёқ жанг якунланса керак. Имкониятларни 80/20 дея баҳолаган бўлардим.

Чарльз Оливейра (Бразилия) – Арман Царукян (Россия)
 

- Хўўўш, менимча бу жанг турнирнинг энг кутилган қарама-қаршиликларидан бири, деб бемалол айта оламиз. Ҳа, Царукян ёш, ғалабага чанқоқ, кураши кучли ва бу тўқнашувда фаворит ҳисобланмоқда. Бироқ, Оливейра Порье, Гэтжи, Чендлер, Дариуш каби жангчиларни қандай “яксон” қилганига гувоҳ бўлдик. Улар билан тўқнашувларнинг баъзиларида ҳам Оливейранинг имконияти паст баҳоланган эди. Менимча Царукянни кураши Оливейрага ўтмайди. Яъни қайси маънода “партер”да назоратни ўрната олмайди. Жанг муддатидан аввал Оливейранинг ғалабаси билан якунланади, деган фикрдаман. Яъни бразилиялик жангчи яна бир “сабмишен” билан ғалаба қозонади, деб ўйлайман. Имкониятлар 60/40.


 Макс Холлоуэй(АҚШ)– Жастин Гэтжи (АҚШ)

 

- Ҳақиқий страйкерлар баҳси бўлади. Макс Холлоуэй ярим енгил вазн (65,8 кг) тоифасининг шунчаки тирик афсоналаридан бири саналади. У анча аввал ҳам енгил вазнга ўтмоқчи бўлган, бироқ Порье уни “бу сени дивизионинг эмас”, дея мағлуб этганди. Бу сафар унга Гэтжи тўсқинлик қилади. Яъни, ушбу қарама-қаршиликда Гэтжининг имконияти юқори, деган фикрдаман.  Чунки, Гэтжи габарит жиҳатидан ҳам устун. Қолаверса, нокаутга учратувчи оғир зарбаларга эга. Максда эса шахсан мен нокаутга йўллайдиган зарбаларини кўрмаяпман. Макс ҳам зарба кўтара оладиган жангчи. Фаолиятида бирор марта ТКО, КОга учрамаган. Бироқ, бу сафар Гэтжи ушбу анъанани бузган ҳолда, уни техник нокаут ёки нокаутга йўллай олади, назаримда. Имкониятлар 65/35.
 

Вейли Жанг (Хитой) –Янь Сяонань (Хитой)
 

- Икки хитойликларнинг тўқнашувида Вейли Жангнинг имконияти юқори. Тўғри, Сяонаньда мотивация кучлироқ бўлиши мумкин. Бироқ, ММАда баъзан иштиёқнинг ўзи камлик қилади. Вейли Роуз Намаюнасдан учралган икки мағлубиятдан сўнг, юқори спорт формасини тиклай олди. Эҳтимол, жанг тўлиқ давом этар. Бироқ, Вейлининг яққол устунлигида кечади. Имкониятлар 60/40.
 

Алекс Перрейра (Бразилия) – Жамал Хилл(АҚШ)
 

- Тўғриси,юбилей турнирнинг  марказий жангига сал номуносиброқ тўқнашув., очиғи анонс қилинишидан аввал мутлақо бошқа қарама-қаршиликни кутгандик. Имкониятларга тўхталсак, Перрейра бу жангни муддатидан аввал якунласа керак. Яъни, техник нокаут ёки нокаут билан. Имкониятлар 70/30 Перрейра!
 

Албатта, бу шахсий фикрим! Аслида, ким ғалаба қозонишини 14 апрель куни билиб оламиз!

 

 


 

Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!