"UFC 302" турнири асосий карди учун таҳлил ва тахминлар!

  • 29 май, 00:27
  • 0
  • MMA

Ҳафта сўнггида ММА мухлисларини UFC 302 рақамли турнири кутиб турибди.

Ушбу кечадан бир қанча қизиқарли бўлиши кутилаётган тўқнашувлар ўрин олган ва биз мазкур жангларга бирма-бир тўхталиб ўтамиз.

Асосий кардни очиб берувчи жангда ярим ўрта вазн тоифаси вакиллари Рэнди Браун (18-5) ва Элизеу Залески Дос Сантос (24-7) октагонга кўтарилади.

Мазкур тўқнашувга Рэнди кетма-кет 2 та ғалабали серия билан етиб келмоқда. Охирги жангида у 3 февраль кунги Fight Night турнирида Муслим Салиҳовни нокаутга учратишга муваффақ бўлди. 

Бразилия вакили Залески Дос Сантос эса кетма-кет 3 та жангдан иборат мағлубиятсиз серия қайд этиб келмоқда. Бенуа Сен Дени ҳамда Абубакар Нурмагомедов очколар ҳисобига кўра мағлуб этилди, Ринат Фахретдинов билан жанг дуранг билан якунланган. 

Жаилтон Алмеида - Александр Романов

Асосий карднинг навбатдаги жангида оғир вазн тоифаси вакиллари бразилиялик Жаилтон Алмеида (20-3) ҳамда молдовалик Александр Романов (17-2) октагонга чиқади.

Жаилтон Алмеида мазкур дивизионнинг 7 ўринини банд этиб келмоқда. У охирги жангида 9 март кунги UFC 299 турнирида Кертис Блейдсга нокаутга учраган. Мазкур мағлубиятга қадар у кетма-кет 15 та жангда ғалаба қозонган. Мағлуб этилган рақибдар орасида Шамиль  Абдураҳимов, Жаирзиньо Розенстраик ва Деррик Льюис каби машҳур номлар бор.

Александр Романов эса охирги жангини ўтган йили ёзда ўтказган ва унда Благой Ивановни очколар ҳисобига кўра мағлуб этган. Аммо унинг Александр Волковга нокаут эвазига, Марчин Тибурага очколар ҳисобига кўра мағлубияти рейтингда анча пастлашига сабаб бўлди.

Кевин Холланд - Михал Олексейчук

Навбатдаги тўқнашув ўрта вазн тоифаси рейтингида 15-ўринни қайд этиб келаётган, дивизионнинг қувноқ жангчиси Кевин Холланд (25-11) ва рейтингга кириш учун интилаётган Михал Олексейчук (19-7) ўртасида кечади.

 Холланд ушбу жангга 2 та ғалабасиз серия қайд этиб келмоқда. Жек Делла Мадаллена ва Макл Пейжга очклоар ҳисобига кўра имкониятни бой берди ҳамда рейтингдаги ўрнини анча йўқотди. 

Олексейчук эса охирги жангида Мишель Перрейрага очколар ҳисобига кўра мағлуб бўлди. Эътиборлиси, Холланд ва Олексейчук охирги жангини бир вақтда яъни 9 март кунги UFC 299 турнирида ўтказган ҳамда мағлубият аламини тортган.

"Co main event": Шон Стирклэнд - Пауло Коста 

UFC 302 турнири "co main event"идан ўрин олган тўқнашув ҳам анча қизиқарли бўлиши кутилмоқда. Сабаби, ўрта вазн тоифасида ўзининг обрў-эьтиборига эга бўлган собиқ чемпион Шон Стриклэнд ва вақтида чемпионликка асосий даъвогар сифатида кўрилган Пауло Коста (14-3) октагонга кўтарилади. 

Мазкур жангда кимнинг имконияти баландроқ эканлигига тўхталиб ўтсак, аввало, Стриклэнднинг имконияти ҳақида: Ҳа, Шон собиқ чемпион, ҳа, у Адесаньяни нокдаунга учратган, аммо унинг жисмоний ҳолати ва ёши Паулони ҳам мағлуб этишга етади дея айта олмаймиз. Шунингдек, Шоннинг яққол устунлик жиҳати ҳам йўқ, "стойка"да ҳам, курашда ҳам у қадар мукаммал эмас. Ягона "қуроли" бу албатта, Адесаньяни "музлатиб" қўйган "lucky punch". 

Костага тўхталадиган бўлсак, Пауло юқорида айтиб ўтганимиздек, кучли жисмоний формага эга ва нокаутчилик хусусияти ҳам бирмунча юқори. Шунингдек, у бразилиялик эганлигини ҳисобга олиб, курашда ҳам унинг имконияти баландроқ. Хуллас, ушбу жангда катта эҳтимол билан Пауло Коста ғалаба қозонишини тахмин қилмоқдаман.

Ислам Махачев - Дастин Порье 

Ваниҳоят, UFC 302 турнири марказий жангига етиб келдик. Кечанинг асосий тўқнашувида енгил вазн тоифаси чемпионлиги учун даъвогар Дастин Порье (30-8) ҳамда амалдаги чемпион Ислам Махачев (25-1) октагонга кўтарилади. 

Ушбу жангда кимнинг имконияти баландроқ эканлигига тўхталиб ўтамиз. Аввало, даъвогар Дастин Порьедан бошлаймиз. Ҳа, Дастиннинг жисмоний ҳолати ва ёши ўтиб бормоқда, аммо унинг потенциали ва зарбасининг кучи йўқолмаганини охриги жангида кўрсатиб қўйди. Албатта, "стойка"да у енгил вазн тоифаси вакиллари орасида анча кучли, курашда эса, тажриба йўқ эмас. Яъни сабмишнга интилиш, охирига етказа олмаса-да "гильотина"ни ҳам амалга ошира олади.

Энди эса чемпион Ислам Махачевнинг имкониятига тўхталиб ўтамиз. Исламнинг асосий "қуроли" албатта, кураш. Кураш борасида енгил вазн тоифасидаги барча даъвогарларни ер тишлата олган. "Стойка"да ҳам маҳоратини анча ошириб олган.

Кўпчилик мутахассислар қатори устозимиз Аҳмад ака Эшматов ҳам Исламнинг имкониятини баланд деб ҳисобламоқда. Аммо мен Дастин Порьенинг зарбаси кучи Махачевни нокаут қилишга қодир деб биламан. Шунингдек, бу Дастин учун охирги имконият ва катта эҳтимол сўнгги жанг. Имкониятлар 60 / 40  Дастин фойдасига.

Аслида нима бўлишини, ким ғалаба қозонишини 2 июнь кунги "UFC 302" турниридан сўнг жавоб оламиз.

 

                                                                                               АКМАЛ ЭШБОЕВ тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!