UFC perfomance академияси мураббийи: "Эрали ва Абдурозиқ жангини ва натижасини кўрдим. Лекин..

  • 23 июль, 15:49
  • 0
  • MMA

Бир неча кун аввал пойтахтимизга Ўзбекистон панкратион ва грепплинг ассоциацияси таклифи билан Шанхай UFC perfomance академияси мураббийи Рустам Бобоев ташриф буюрди. Рустам Бобоев асли тожиккистонлик бўлиб, дунё бўйича саноқли бўлган UFC perfomance академиясида грепплинг бўйича мураббий сифатида фаолият олиб боради. Хуллас, ушбу мураббий Тошкентда ажойиб мастер-класс намойиш этди. Биз фурсатдан фойдаланиб, ушбу мутахассис билан қисқача суҳбатда бўлдик. 

- Ассалому алайкум. Рустам юртимизга хуш келибсиз!

- Ассалому алайкум. Раҳмат. Бунчалик эътибордан хурсандман. 

- UFC академиясида мутахассис сифатида ишлаш осон эмасдир, сиз қандай бу имкониятни қўлга киритдингиз?

- Мен Тожикистоннинг Панжикент шаҳрида таваллуд топганман. Хитойда ўқидим. У ерда грепплинг бўйича чемпионатларда иштирок этиб, яхши натижалар қайд этдим. Cуҳбат ва бир қатор кўриклардан сўнг ушбу академияга қабул қилиндим. Қизиқ жиҳати ушбу танловларни АҚШдан келиб кузатишади ва улар қарор қабул қилади. 

- Бундай академиялар жаҳон бўйлаб нечтани ташкил қилади?

- Кўп эмас. Менимча 10 талар бор бўлса керак. Аниқ маълумотга эга эмасман. 

- Шанхай UFC perfomance академиясида фақат хитойликлар таълим оладими?

- Йўқ. Ҳозирча Сингапур, Индонезия, Япония ва Жанубий Корея, Австралиядан талабалар бор. Марказий Осиё вакиллари эса ҳали ўқиш имкониятига эга эмас. Назаримда тез орада бундай имконият ҳам юзага келса керак. 

- Хитойдан бир қатор жангчилар UFCда фаолият юритишмоқда. Уларнинг ушбу академия билан боғлиқлик жойи борми?

- Албатта. Жанг Вейли, Ян Сиаонан, Сонг Ядонг, Ли Жинглианг, Хэйли Алатенг, Аори Киленг, Жанг Мингянглар ушбу академия тарбияланувчилари саналади. 

- Демак, уларга устозлик қилгансиз?

- Албатта, бир кун бўлса ҳам уларга сабоқ берганман. 

- Жанг Вэйли чемпион саналади. Яна шу академия тарбияланувчиларидан кимдир UFC чемпиони бўла оладими?

- Очиғи бу борада бир нима дея олмайман. Лекин Жанг Миянг, Аори Киленглар жуда иқтидорли йигитлар. Улардан яхши натижалар кутиш мумкин. Умуман хитойлик жангчилар охиригача ҳаракат қиладиганлар тоифасига киради. 

- Тожикистонлик UFC жангчиларини ҳам кузатиб турибсизми?

- Албатта, Муҳаммад Наимов, Муин Ғофуровлар билан яхши алоқадаман. Ажойиб йигитлар. Нурилло Алиев, Лоиқ Раджабовларни ҳам кузатаман, лекин яқин эмасман. Шунингдек, Тожикистонда Фаридун Одилов, Сарвар Ҳамидов каби ажойиб жангчилар бор. 

- Панжикентдан экансиз, ҳамшаҳарингиз "Камил Каратэ"ни танийсизми?

- Тўғриси, бу борада эшитмаган эканман. Кўп вақтим Хитойда ўтади. Шунинг учун яқинда чиққан болларни кўпини танимайман. 

- Ўзбекистонлик жангчилар ҳақида ҳам маълумотга эгамисиз?

- Ҳа, 77 кг вазнда UFCда жанг қилаётган ўзбекистонлик жангчининг ҳаракатлари ёқади. 

- Нурсултон Рўзибоевни назарда тутяпсиз...

- Ҳа, худди шундай. 

- Мастер-класс мобайнида Эрали Бойқобиловга кўзингиз тушдими?

- Албатта. 

- Уни ҳамюртингиз Абдурозиқ билан жангини кўрдингизми?

- Ҳа, албатта!

- Жанг борасида нима дейсиз, дуранг натижа қайд этилганигачи?

- Тўғриси, бу жанг бокс борасида бўлди. Мен бокс мутахассиси эмасман. Агар жанг ММА бўйича бўлганда аниқ жанг ҳақида таҳлилий фикримни билдирардим. Лекин жуда зўр жанг қилишди. 

- Суҳбат учун раҳмат. Фаолиятингизга омад тилаймиз!

- Миннатдорман. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!