Уганда МТЖ бош мураббийи Ўзбекистонни эътироф этди

"Navruz Cup" халқаро турнири олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда Уганда МТЖ бош мураббийи Милутин Средоевич иштирок этди ва қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

"Биринчи навбатда ушбу турнирга таклиф этишгани учун Ўзбек футболи мутасаддиларига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бу ёзда бўлиб ўтадиган қитъа мусобақаларига тайёргарлик йўлида барчамизга қўл келади. 

Ўзбекистон ва Тожикистон бошқа-бошқа давлат бўлса-да, кўп томонлама ўхшашликлари мавжуд. Ҳаёт тарзингиз ҳам деярли бир хил ва бу сизларнинг бутун дунёда бошқалардан ажралиб турадиган жиҳатингиз ҳисобланади. Ҳар бир майда деталь ўйиннинг боришига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. 

Шуни айтиш керакки, Ўзбекистон Осиё футболи ўчоғи ҳисобланади. Бош мураббийингиз Сречко Катанец ишлаган жойларида яхши таассурот қолдирадиган мутахассис. Эришган ютуқларининг ўзи ҳам унинг қай даражада маҳоратли эканидан дарака беради.

Биз эртанги учрашувда ғалаба қозониш ҳақда ўйламоқдамиз. Рақибимиз ҳам анча яхши даражада. Тожикистон МТЖ бош мураббийи менинг ҳамюртим ҳисобланади. У Германияда малака оширган. Фаолияти давомида етиштирган шогирдлари унинг юқори даражада эканидан далолат.

Биз ва Ўзбекистондаги иқлим ўртасида фарқ катта. Агар эртага об-ҳаво ўз сўзини айтмаса, жуда юқори даражада ўйин кўришимиз мумкин. Биз бутун Африка шарафини ҳимоя қиламиз".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!