Улар ҳал қилувчи ролда ёхуд Суперлиганинг 17-туридаги энг яхши футболчилар

Суперлигада 17-тур ниҳоясига етди ва жамоалар бироз танаффусга чиқдилар. Ортда қолган турда ҳам кутилганидек бир қатор эътиборга молик ҳолатлар кузатилди. Биз эса одатимизга содиқ қолган ҳолда ҳар бир учрашувнинг энг яхши футболчилари ҳақида тўхталамиз.

“Металлург” – “Динамо” – 0:1. Энг яхши футболчи: Анвар Хожимирзаев

Турни бошлаб берган “Металлург” – “Динамо” учрашувида меҳмонларнинг ҳужумкор футболчиси Анвар Хожимирзаев яна катта саҳнага чиқди. Тиниб-тинчимас ўйинчи ҳал қилувчи голни уриб жамоасига қимматли ғалабани келтирди. Ҳолбуки, “Металлург” чемпионат бошидан буён ғалаба нималигини билмай келаётгани учун уларга уч очко сув ва ҳаводек зарур бўлиб турганди. Бироқ Хожимирзаев ва “Динамо” бунга йўл қўймади. Ўз ўйинини намойиш қилиб, сафардан қимматли ғалабани қўлга киритиб қайтдилар.

“Нефтчи” – “Олимпик” – 3:0. Энг яхши футболчи: Азизбек Амонов

Ниҳоят, “Нефтчи” мухлисларини хурсанд қилди. Ниҳоят, кўп нарса кутилаётган Азизбек Амонов ҳам голлари билан ишқибозларни қувонтирди. “Олимпик”га қарши баҳсда Азизбек захирада қолдирилганди. Иккинчи бўлимда майдонга тушиб рақиб дарвозасига иккита гол урди ва голга чанқоқлигини намойиш қилган ҳолда энг яхши футболчи номига сазовор бўлди.

“Локомотив” – “Қизилқум” – 4:2. Энг яхши футболчи: Шодиёр Шодибоев

Иккинчи даврада “Локомотив” сафига қўшилган иқтидорли ҳужумчи Шодиёр Шодибоев “Қизилқум”га қарши учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлди. 4:2 ҳисобида якунланган ўйинда унинг ўзи ҳам гол уришга муваффа бўлди. “Навбаҳор”дан таклиф этилган 18 ёшли “Локомотив”да ўз сўзини айтишни бошлади.

“Насаф” – “Андижон” – 3:0. Энг яхши футболчи: Жамбули Жигаури

“Аждарлар” бу турда “Бургутлар”ни қабул қилди. Ўйиндаги тезкор гол мезбонларга катта руҳий устунлик берди. Грузиялик легионер Жамбули Жигаурининг 3-дақиқадаги голи “Насаф”га қўшимча устунлик берди. Ўзи ҳам бу голдан руҳланиб майдонда янада яхши ўйин кўрсата бошлади. Футболчи жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди.

“Сўғдиёна” – “Пахтакор” – 0:1. Энг яхши футболчи: Муҳаммадрасул Абдумажидов

Максим Шацких жамоаси ҳам сафарда ниҳоятда муҳим ғалабага эришди. Биласизлар, “Пахтакор”да ёшларга эътибор янада кучайтирилган. Шу боис бош мураббий бир қанча ёшларга қўрқмасдан асосий таркибдан жой бериб келяпти. Улардан бири Муҳаммадрасул Абдумажидов тобора тажрибасини сайқаллаштириб, ишончни оқлаяпти. Жиззахдаги беллашувда бу йигит ҳаммадан яхши ўйнади, десак ишонасизми? Ҳа, шундай бўлди! Муҳаммадрасул меҳнат қилишдан қочмаса уни ёрқин келажак кутяпти.

“Сурхон” – “Навбаҳор” – 0:1. Энг яхши футболчи: Сияваш Ҳақназари

Наманганликлар Самарқандда “Сурхон”га қарши бўлиб ўтган муҳим учрашувда уч очкони қўлга киритдилар. Наманганликларнинг эронлик легионери Сияваш Ҳақназари томонидан киритилган гол “Навбаҳор”га ғалабани тақдим қилди. Унинг ўзи эса рақибга катта муаммолар туғдирди. Мураббийларнинг ишончини оқлади. Шу сабабли энг яхши футболчи бўлди.

“Бунёдкор” – ОКМК – 0:1. Энг яхши футболчи: Арихиро Сентоку

Суперлиганинг ушбу турида Миржалол Қосимов жамоаси “Бунёдкор”га қарши баҳс олиб борди ва ягона гол эвазига муҳим уч очкони қўлга киритишди. Тўғри, ягона гол япониялик Сентоку томонидан киритилмаган бўлса-да, якунда ушбу ўйинчи баҳснинг энг яхши футболчисига айланди. Чунки у бутун учрашувни юқори даражада ўтказишга муваффақ бўлди.

Шуҳратбек Жўраев.

 

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!