Умид Аҳмаджонов БАА футбол ассоциациясига ташриф буюрди
9 ноябрь куни БАА футбол ассоциацияси президенти ва Ажман шаҳри мэри Рашид бин Хумаид Ал-Нуайми Дубай шаҳрида жойлашган офисида Осиё Олимпия қўмитаси вице-президенти Умид Аҳмаджоновни қабул қилди.
Умид Аҳмаджоновга Осиё Олимпия қўмитасини халқаро алоқалар бўйича вакили ҳамда халқаро кураш ассоциацияси вице-президенти ҳисобланадиган Зиёвуддин Хожиниёзов ҳамроҳлик қилди.
Томонлар учрашув чоғида БАА футбол ассоциацияси билан ҳамкорлик қилиш масаласини муҳокама қилдилар. Айтиш керакки, Умид Аҳмаджонов анчадан бери БАА футбол ассоциацияси билан дўстона муносабатда бўлиб келади. Суҳбат чоғида, у БААнинг мамлакатда, шу билан бирга Осиё ва жаҳонда футболнинг ривожига қўшаётган ҳиссасига юқори баҳо берди.
Шунингдек, Умид Аҳмаджонов бундан тўрт йил муқаддам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан очиқ эшиклар куни сиёсати ва кенг қамровли ислоҳотлар сабаб Ўзбекистонда футбол, жумладан спортнинг барча турлари шиддат билан ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шу билан бирга, у Осиё Олимпия қўмитаси президенти шайх Аҳмад Ал-Фахад Ал-Сабоҳ раҳбарлиги остида қитъада спорт ҳаракати, шунингдек, футболнинг ривожи учун катта ишлар олиб борилаётганини айтиб ўтди. Осиё Олимпия қўмитаси коронавирус пандемияси туфайли юзага келган турли тўсиқлардан қийинчиликсиз ўтиш йўлида бир қатор ишлар олиб борилаётганини ҳам таъкидлади.
Томонлар бундан ташқари, ўзаро бир қатор бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар. Улар учрашув якунида бундан кейин ҳам самарали ҳамкорлик олиб бориш умидида эканликларини таъкидлаган ҳолда хайрлашдилар.
Фикрлар