Умид Аҳмаджонов: ОЗКларга қабул жараёнлари шаффоф ўтиши лозим
Ads

 

Бугун, 23 март куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ижросини таъминлаш ишларини назорат қилиш, уни янада жонлантиришга қаратилган катта йиғилиш ташкил қилинди.

Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциациясида фаолият олиб бораётган мутахассислар, Республика Олий спорт маҳорати мактаблари раҳбарлари иштирок этишди. Йиғилишни Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов ва Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроиловлар олиб боришди. 

МОҚ раҳбари йиғилишда фармонда белгилаб берилган мамлакатимизда спорт эркин иқтисодий зонасини ташкил қилиш бўйича ишларни жонлантириш, унга йирик хорижий компаниялар ва сармоядорларни жалб қилиш бўйича алоҳида топшириқ берди.

Шунингдек, республика спорт федерациялар ва ассоциацияларининг қайтадан шакллантирилган штат жадвалларини яқин вақтлар ичида тасдиқлаш борасида маълум қилинди. Ундан ташқари яккакураш спорт турларида ҳар бир вазн тоифасида терма жамоа учун саралаб олинадиган тўрт нафардан спортчилар апрель ойидан Осиё ўйинларига қаратилган ўқув-машғулот йиғинларини бошлаши ҳақида айтилди.

"Режа бўйича ҳар бир вазн тоифасида сараланган тўрт нафар спортчи 1 апрелдан бошлаб йиғинларни бошлаши керак. Улар Осиё ўйинларида ва унгача халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қиладилар. Бундан ташқари спорт учун йўналтирилаётган маблағларни мақсадли, самарали сарфлашни назоратини кучайтиришимиз лозим. Бунинг учун МОҚ қошида алоҳида инспекция ҳам ташкил қилдик.

Олимпия захиралари коллежлари фаолияти сифатига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Қабул жараёнларини МОҚ, вазирлик ва федерация вакиллари иштирокидаги махсус комиссия назорат қилади. Улар турли кунларда ўтказилади. Қабул жараёнларида энг муҳими шаффофликни таъминлашимиз керак. Шунингдек, улар оммавий ахборот воситалари орқали ҳам ёритилиб борилиши лозим", - деди Умид Аҳмаджонов. 

Йиғилишда Президент фармони асосида мамлакат олимпия терма жамоалари учун ажратилган ўқув-машғулотлар базалари учун лойиҳа ва сметани тайёрлаш борасида кўрсатма берилди. Унга кўра яқин вақт ичида Самарқанд вилояти Самарқанд туманида универсал олимпия тайёргарлиги ва халқаро мусобақалар ўтказиш маркази, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Азия-Чимган” меҳмонхонаси негизида миллий терма жамоалар учун универсал олимпия тайёргарлиги маркази, Жиззах вилояти Зомин туманида “Алоқачи” соғломлаштириш оромгоҳи негизида гимнастика спорт тури бўйича олимпия тайёргарлиги маркази, Наманган вилояти Чортоқ туманида сержантлар тайёрлаш мактаби негизида спорт ўйинлари бўйича олимпия тайёргарлиги маркази ва Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида “Гулнора” соғломлаштириш оромгоҳи негизида спорт яккакурашлари бўйича олимпия тайёргарлиги марказининг лойиҳалари тайёр бўлади, шу билан биргаликда қурилиш ва капитал таъмирлаш ишлари бошлаб юборилади. 

Умид Аҳмаджонов йиғилишда болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фаолиятини қайта кўриб чиқиш лозимлиги ҳақида ҳам гапирди. "Наманган вилоятидаги гимнастикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабига борганимда дзюдо татамилари жойлаштирилганлигига гувоҳ бўлдим. У ерда шунингдек, бокс бўйича машғулотлар ҳам ташкил этилар экан. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Ахир ушбу БЎСМ фақатгина гимнастика спорт турига ихтисослаштирилган", - деди МОҚ раҳбари.

Шунингдек, фармон асосида "Бунёдкор" спорт мажмуасини Ўзбекистон футбол ассоциацияси балансига ўтказиш, Қўқон шаҳрида қурилиши режалаштирилган янги замонавий стадионнинг лойиҳа ва сметасини ишлаб чиқиш, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани Сижжак қишлоғида футбол бўйича терма жамоалар учун база бунёд этиш борасида Сардор Раҳматуллаев ва Омон Ғофуровларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Учрашувда терма жамоаларимизни кучайтириш учун хориждан малакали ва тажрибали мураббийлар жалб қилиш борасида ҳам гап борди. Сузиш, енгил атлетика, қолаверса, волейбол, баскетбол, теннис каби спорт турларига мураббийларни олиб келиш, уларга эса Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университетининг юқори босқич талабаларини малака ошириш мақсадида бириктириб қўйиш таклифи ҳам берилди.

"Спорт" телеканали билан ҳамкорликда ташкил этилаётган "Спорт клуб" кўрсатувининг кейинги сонида спортнинг яккакураш турлари - таэквондо, бокс, спорт курашлари, каратэ ҳамда дзюдо федерациялари раҳбарлари ва спортчилари иштирокида дастур тайёрлаш борасида ҳам режа қилинди. 

Ўз навбатида, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов кўрсатувнинг кеча намойиш этилган илк сонида фарғоналик Ҳайдаржон Абдуллаевнинг каратэ бўйича йўллаган мурожаатини ўрганиб чиқиш ва керакли чораларни кўриш бўйича Жанг санъати ва яккакурашлар департаменти директори Сардор Тошхўжаевга топшириқ берди.