Умид Аҳмаджонов Қаршидаги “Мурувват” болалар уйига ташриф буюрди

Бугун  Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов  Қашқадарё вилояти футбол ассоциясидаги умумий ҳолатни ўрганиш ва олимпия спорт турларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш учун Қарши шаҳрига ташриф буюрди. 

Ташриф давомида Умид Аҳмаджонов Қарши шаҳридаги “Мурувват” болалар уйига бориб, у ердаги болакайларнинг ҳолидан хабар олди. 

Ушбу болалар уйида тарбияланаётган болажонларнинг кўнглини кўтариш учун уларга Ўзбекистон футбол ассоциациясининг совғалари улашилди. 

Маълумот учун, ушбу болалар уйида 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган жами 280 нафар бола тарбияланмоқда. 

“Мурувват”  болалар уйини кўздан кечириш жараёнида бу ердаги мини-футбол майдони аянчли аҳволда экани маълум бўлди. Умид Аҳмаджонов ЎФА ҳисобидан совға тариқасида “Мурувват” болалар уйидаги футбол майдонини замонавий талабларга мок келадиган тарзда тўлалигича қайта реконструкция қилиш, спортни янада оммалаштириш учун шароит яратиш бўйича топшириқ берди. Тез кунда бу ердаги майдонча янги кўриниш касб этади. 

Шунингдек, бугун кун тартибидан Қаршидаги Олимпия захиралари ихтисослаштирилган мактаб интернати ҳамда “Насаф” клуби билан яқиндан танишиш ўрин олган.   

Кун охирида эса  вилоят ҳокимлигининг мажлислар залида Қашқадарёда спорт, хусусан, футбол соҳасини ривожлантиришда олиб борилаётган ишлар, йўл қўйилаётган камчиликлар бўйича йиғилиш ўтказилади ва тегишли хулосалар қилинади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!