Умид Аҳмаджонов Қатар ва Голландия сафарига йўл олди
Ads

Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов Қатар қироллик оиласининг вакили, Қатар футбол ассоциацияси президенти Шайх Ҳамад бин Халифа Аҳмад ал-Таний таклифига кўра Дохага жўнаб кетди.Бу ҳақда УФА расмий сайти хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича Умид Аҳмаджонов у ерда дунёдаги энг яхши футбол академияларидан бири саналган “Aspire”га ташриф буюради. Эслатиб ўтиш лозимки, Умид Аҳмаджонов ўтган йилнинг 16 октябрь куни ҳам “Aspire” академиясига ташриф буюрган эди. Бу сафарги ташрифдан кўзланган асосий мақсад эса юртимизда барпо қилинаётган болалар ва ўсмирлар футбол академияларига Қатардан мутахассисларни жалб қилишдан иборат.

Шунингдек, режага кўра ЎФА 1-вице-президенти ЖЧ—2022 ташкилий қўмитаси раҳбарияти билан ҳам кўришиб, ЖЧга тайёргарлик бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишади.

Қатардаги сафар якунига етгач, Умид Аҳмаджонов Голландиянинг Амстердам шаҳрига йўл олиши режалаштирилган. У ерда дунёдаги энг кучли академиялардан яна бири бўлган "Аякс" футбол клуби академиясини кўздан кечириб, у ерда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиши режалаштирилган. Бундан ташқари, "Аякс" футбол клуби раҳбарияти билан учрашув ташкил қилинииб, ўзаро ҳамкорлик қилиш, голландиялик мутахассисларни юртимизга жалб қилиш масалалари бўйича музокаралар ўтказилади.

Шунингдек, Амстердамда Голландия Қироллиги футбол уюшмаси президенти билан ҳам учрашув бўлиб ўтади. Учрашувда ўзбекистонлик ёш футболчиларни Голландиянинг кучли клубларига жалб қилиш, шу орқали футболчиларимизнинг Европага чиқишига йўл очиш, Миллий терма жамоаларимизга Европа футболида чиниққан кучли номзодларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинади.