Англия Еврони Сербия устидан қозонилган ғалаба (1:0) билан бошлади. Шунингдек, мазкур беллашувда зарбалар сони бўйича антирекорд қайд этилди - 11 та. Бу 1980 йилдан буён (зарбалар сони ҳисобланаётган давр) ўтказилган 322 беллашувда энг ёмон натижа ҳисобланади. 

Умримизнинг икки соатини олган икки соат мана шундай ўтди: 

Саутгейт барча ҳужумкор юлдузларни таркибга жойлаштириш йўлини ўйлаб топди.

"Евро-2024"дан олдин Саутгейтнинг асосий муаммоси юлдузлар билан тўла таркибни мувозанатни йўқотмасдан жойлаштириш эди. Гарет Трентни ярим ҳимоя позициясига қўйди ва учрашув олдидан унинг мазкур нуқтада потенциали борлигини таъкидлади. 

Тўпсиз инглизлар майдонда қуйидагича жойлашди. Асосий таркиб - 4-1-4-1. Трент ва Беллингем саккизлик ролида. Бир оз орқароқда Деклан Райс ҳаракат қилди. 



Англия тўпга қандай эгалик қилиши бироз қизиқ эди. Уокер, Стоунс, Гехи ҳимоя учлигини ташкил этди. Райс бироз олдинроқда. Трент, Беллингем ва Фоден триоси ўз жойларини тез-тез алмаштирди. Қанотларда Сака ҳамда Триппьер қўллаб-қувватланди. 

Схема тарафлама уларни Германия билан солиштириш мумкин, аммо Англия анча тартибсиз қурилган. Фоден ва Беллингем тўпни олиш учун бироз орқароққа тушиб ҳаракат қилди ва ҳатто баъзан қанотларда ҳам кўриниш берди. Бироқ немисларнинг устунлиги бу - тартиб ва қисман белгиланган зоналарда ҳаракат қилиш. 

Схемадаги "хаос" қисман илк голда ёрдам берди. Жуд ярим ҳимоячи сифатида беллашувни бошлади ва яширин ўнлик сифатида якунлади. Трент эса аксинча, ўнлик сифатида баҳсни бошлаб, ҳимоявий ўйинчига айланиб қолди. Мазкур "хаос" жамоага кўпроқ чекловлар олиб келди. Бундан энг кўп Кейн, Фоден ва Триппьер зарар кўрди. Улар рақиб томонидан тўлиқ изоляция қилинди. Сака, Трент ва Уокердан иборат ўнг қанотда бироз яхшироқ эди. Беллингем эса жамоавий тизимнинг бир қисми эмас, балки индивидуалист сифатида яхшироқ. 

Англия голдан 15 дақиқа олдин тўп назорати бўйича даҳшатли статистика қайд этди - 87% - 13%. Кейин эса устунлик Сербия томонига ўтди - 54% - 46%. 

Бунинг асосий сабаби серблар чуқур ҳимояланишни тўхтатиб, прессинг қилишни бошлади. 



Жамоа тўпни назорат қилмаганининг асосий сабабларидан бири бу - Жордан Пикфорд. Англиянинг деярли бутун ҳимоя чизиғи (Марк Гехидан ташқари) топ клубларда ўйнайди ва ҳатто кучли босим остида ҳам қисқа масофада ўйнашга одатланган футболчилар. Пикфорд эса "Эвертон"да ўйнайди ва прессингда унинг қиладиган ягона иши - тўпни тепиб юбориш.

Кўпинча шериклари Пикфордга қисқа масофада вариантлар тақдим этди, аммо у тўпни тепиб юборишни афзал кўрди. У буни шу қадар тез-тез амалга оширганидан биринчи турда (якунига етмаган) дарвозабонлар орасида узоққа паслар бўйича пешқадамга айланди. Жорданда 29 та, энг яқин таъқибчисида эса атиги 20 та. Бу Кейннинг ишини янада қийинлаштирди. Узун пасларни бўйсундириб, ҳимоячи билан дуелга кириш комбинацион футболга ўрганган футболчи учун қийинчилик туғдирди. Айниқса, биринчи бўлимда биз Харрини майдонда деярли кўрмадик. Рақиблар унга жуда яқин ўйнади ва Кейн илк таймда тўпга атиги икки марта тегди. Кўп функцияли Кейнни бу улсбуда Эрлинг Холандга айланиб қолди. Бироқ Кейн иккинчи бўлимда муваффақият қозонди ва 22 марта тўпга тегинишга муваффақ бўлди. Шунингдек, 6 марта қоида бузди. 



Қоидабузарликлар туфайли Кейн вақтни ўлдирди ва Сербия ҳужумларини "кесди". Якунда у гол уриши ҳам мумкин эди. Диққатга сазовор томони шундаки, Кейндек футболчидан ҳужум чизиғида ҳеч қанақасига фойдаланилмади (на пастки ва на иккинчи қават). 

Беллашув олдидан Англияни ташвишга соладиган ягона жиҳат бу - янги ҳимоя тандеми эди. Классик Стоунз-Магуайр жуфтлиги Харрининг жароҳати туфайли Еврода амалга ошмади. Саутгейт Жонга Марк Гехини шерик қилди ва улар биргаликда ўйнаш тажрибасига эга эмасди. Вазифа Сербия таркиби билан мураккаблашиши мумкин эди. Аксарият термалардан фарқли ўлароқ, улар бир жуфт ҳужумчи - Митрович-Влахович тандемини ҳужумда ўйнатади. Тўпсиз Душан баъзан қанотларда кўриниш беради. Бу икки форвард бўй борасида Стоунз ва Гехидан устунроқ, аммо бу фактор умуман серблар фойдасига ишламади. Инглизлар мудофааси иккинчи қаватни "қулфлаб қўйди". Шунингдек, Райс ҳам бироз пастроққа тушиб ўйнагани термага катта ёрдам берди. 

Эътиборлиси шундаки, улар учта зарба берди ва зарбаларнинг ҳаммаси жарима майдони ташқарисидан берилди. Шунингдек, улар рақиб жарима майдони ичида атиги 4 марта тўпга тегинишди, шундан иккитаси офсайд. 

Англия терма жамоаси "Евро-2024"нинг фаворитларидан бири ҳисобланади. Жамоа ўзида бор потенциални ўзига хос "кашфиётлар" орқали йўққа чиқарди ва ўйин тарафлама ҳеч нарса таклиф қила олмаган Сербия беллашув сўнггигача ҳисобни тенглаштириш учун интригани сақлаб қолди. 

 

 

Карим Худайқулов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!