"Университет жамоалари ҳам совға эмас, 4-5 та янги ўйинчилар билан гаплашяпмиз" - "ТерДУ" ва "Қизилқум" баҳсидан сўнг мураббийлар нималар дейишди?
Ўзбекистон Кубоги “Е” гуруҳида сўнгги 3-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Муддатидан аввал гуруҳда қолиб кетиши аниқ бўлган “ТерДУ” ҳамда “Қизилқум” жамоалари ўртасидаги ўйин голларга бой ўтди. Унда “Қизилқум” рақибини 1:4 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Ўйиндан кейин иккала жамоа бош мураббийлари матбуот анжуманида қатнашдилар.
Элдор Бойматов (“ТерДУ” бош мураббийи):
- Яхши ўйин бўлди. “Қизилқум”ни ҳақли ғалаба билан табриклайман. Бу ўйин бизга ҳам, рақибга ҳам ҳеч нарса бермасди. Биринчи таймда таркибда ротация қилиб, кам ўйнаётганларга имконият бергандик, улар ишончимизни оқлай олмадилар. Иккинчи таймда асосий ўйинчиларни майдонга туширдик ва улар яхши ўйнаб туришганди. Лекин “Қизилқум” жамоаси тажриба эвазига ғалаба қозониб кетди.
- Про лигада қатнашаётган Университет жамоаларини Суперлигада қатнашишга потенциали етарли эмас. Уларни про лигада қатнашишидан қандай маъно бор?
- Ўтган мавсумда про лигада бор-йўғи 6 та жамоа қатнашди ва улар бир-бирига қарши 4 мартадан ўйнашди. Университет жамоалари ҳам совға эмас. “ФарДУ”, “Лочин” бор...”Лочин” 4-ўринда. Аксинча, про лигада рақобат кучайди. Бу савол ноўрин.
- Жамоалар сифатичи?
- Сифат ҳам албатта яхши бўлади. Мана, “Қизилқум”ни мағлуб қилган “Жайхун” ҳам Университет жамоаси. Шунинг учун савол ноўрин.
- Ўйин пайтида хиссиётларга берилиб кўрсатмалар бердингиз. Бу илгари футболчи бўлганингиз билан боғлиқми?
- Шундай деса ҳам бўлади. Футбол ўйнаган пайтимда агрессив футболни яхши кўрардим. Шогирдларимдан ҳам шуни талаб қиламан. Ҳозирги футболда агрессия бўлмаса катта футбол ўйнаш қийин.
Акмал Рустамов (“Қизилқум” бош мураббийи):
- Кубокда охирги ўйинни ўтказдик, футболчиларимга раҳмат айтаман. Кўриб турганларингиздек, таркибимизда анча йўқотишлар бор. Бу ёғига бизда икки ойга яқин вақт бор. Ўйинчиларимизни тезроқ таркибга қайтариб, формаларини тиклашга ҳаракат қиламиз. Икки нафар ўйинчимиз эса мавсум охиригача сафга қайта олмайдилар. Булар - Шохруз Норхонов билан Асрор Ғофуров. Қолган 4 нафар футболчимиз эса бир-икки ҳафтада тайёр бўлишади. 4-5 та яхши ўйинчиларни ҳам гаплашяпмиз. Янги қон деган гап бор. Иккинчи даврада Навоий ҳалқи, раҳбарларимиз учун яхши ўринларни эгаллашга ҳаракат қиламиз. Бугун келиб қўллаб-қувватлаган мухлисларга ҳам раҳмат айтаман. Мана, ёшларни ўйнатяпмиз ва бу улар учун ҳам имконият. Мана шундай учрашувларда ўзларини кўрсатишса, кейинги ўйинларда ҳам асосий таркибга жалб этаверамиз. Яхши ёшларимиз бор.
- Жамоани кейинги режаси қандай?
- Режалар бор. Футболчиларга бир неча кунга дам берамиз. Ҳаммасини режалаштириб қўйганмиз. Йигитларга оиласи, бола-чақаси билан вақт ўтказишларига имконият берамиз. Кейин Навоийда йиғиламиз ва тайёргарлик режамиз уч босқичда ўтади. Дастлаб ўзимизда йиғин бошлаймиз ва у ёғини кейин кўрамиз. Ўртоқлик ўйинлари ҳам ўтказилади.

Фикрлар