Унутувчи мухлисга эслатма: Мбаппе ҳали Месси ва Роналду даражасида эмас

Таассуротлари бизни ҳамон тарк этмаётган Қатар-2022 якунига етди. Янги юлдузлар кашф қилинган, кўз ёшлар тўкилган ва охири миллионлаб ишқибозлар истаганидек якунланган мундиал тортишувларсиз ҳам ўтмади. Мбаппени Месси ва Роналдудан кучлироқ футболчи бўлади, деган тахминлар ҳам янграшни бошлади. Ўлчов фақат жаҳон чемпионатидаги ўйинлар билан бўлмаслиги лозим. Икки афсонани четга суриб қўйиб, француз йигитчани кўкка кўтараётганларга эслатмоқчи бўлганларим бор. Шу икки футболчи даврида улғайган инсон сифатида гапирганларимни тарафкашлик, деб ўйламанг. 

Кўпроқ фокусни Месси ва Мбаппега қаратамиз. Сабаби, улар финалда ва бир ой давомида қилган ишларини кўрдик.

[Downloader.la]-63a19f5daa4ed

Ҳа, Мбаппе тез. Ниҳоятда тезкор ва киллер ҳужумчи. Месси ўйин қурувчи, дриблинг устаси, юксак ақл соҳиби. Айнан майдонда. Бу ҳозирги ҳолат билан ўлчанганда. Килиан ўта тезлик билан ҳимояни ёриб кириб кетганда вауу! У кучли зарба билан гол урганда, вауу! Финалда уни энг яхши бўлди деганлар қисман хақдир. Аммо Лео ўша ишларни барчасини ақл билан бажарди. Пенальтини ҳам. Ёриб киришларни ҳам. Шунингдек, унинг узатмалари ҳужумларни кескинлаштириб беради. Майдонни кўра олиш ҳам аъло даражада. 

Тарозига қўйинг ҳар иккисини. Кимни финалдаги ҳаракатлари оғирроқ тош босади? Менимча, Мбаппеники. Кичик фарқ билан. Сабаби, Месси қанча ҳаракат қилмасин энди ёш ва ўта тезкор эмас. Бироқ фаолиятининг чўққисида турган Мбаппе билан "олишди". Бутун чемпионат давомида 35дан 36га қараб кетаётган Лео айни кучга тўлган Килиандан кам эмасди. Шунинг ўзи ютуқ эмасми?! Буюкликдан далолат эмасми?!

Ахир, биз ҳамон янгиларни тан ололмаётган авлод биламиз-ку, Роналду ва Месси 23-24 ёшида нималарга қодир бўлганини. 30-35 метрлардан "пушка"лар йўллайдиган, жарима майдони ичида "қотил" ҳисобланган Роналдуни эслайсизми? 5-6 нафар футболчини кўрдим демай ўтиб кетадиган, жарималарни пенальтидек тепадиган Мессиничи?

[Downloader.la]-63a19fc9c4f35

Ҳа, Мбаппе ҳозир энг зўри. Расман! Бироқ бу йигитнинг исботлайдиган нарсалари ҳали жуда кўп. Улардан ўзиб кетиш ва ҳатто яқин келиш учун жуда кўп тер тўкиши ва стабиллик кўрсатиши лозим. Ҳозирдан французни сўннги 15 йилликнинг икки даҳосига тенглаштириш тўғри эмас. Ҳозир у яхши кетмоқда ва катта йўлнинг бошида. Яхши тезлик олган. Узоқ йиллар шундай давом этиши талаб қилинади. Ҳар ҳолда, Неймарни кўпчилик уларнинг даражасига чиқа олади, деб ҳисобларди. Шошилган эканмиз. Яна шундай қилмаслик керак.

Бор эътибори ҳозирги жараёнда бўлган унутувчи мухлис. Ёддан чиқиб қолаётган бўлса, Роналду ёки Месси исмини You Tube га ёзиб, улар майдонда кўрсатган сеҳргарликларни томоша қил. Узоқни кўра олган ёки бугун билан яшаган яхши, аммо ўтмишни шунчаки унутиб бўлмайди.

Қолаверса, ўтмиш ўзининг ҳали ўтмишга айланмаганини ҳамон эслатиб турибди.

[Downloader.la]-63a1a0dd8aa3b



















 

                                                                                                                           
                                                                                                                                  Худайқулов Карим мақоласи 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!