Усик - Фьюри жанги чипталар ва трансляциялардан қанча даромад олиб келгани маълум бўлди

18 майдан 19 майга ўтар кечаси Саудия Арабистони пойтахтида WBA, IBF ва WBO йўналишлари бўйича жаҳон чемпиони, украиналик Александр Усик ва WBC йўналиши бўйича жаҳон чемпиони британиялик Тайсон Фьюри ўртасида чемпионлик жанги бўлиб ўтган эди. ESPN нашри тарқатган хабарга кўра, ушбу жанг трансляциясининг ҳар бири 1,5 миллион доллардан сотилган ва жами 50 миллион доллар даромад келтирган.

Манбага кўра, ҳомийлик шартномаларидан 40 миллион доллар тушган, чиптадан тушган даромад эса 3 миллион долларни ташкил қилган.

Эслатиб ўтамиз, Усик – Фьюри қарама-қаршилик 12 раунд давом этди ва якунда украиналикнинг ғалабаси билан якунланди. Шу тариқа, Усик 21-асрда оғир вазн тоифасида биринчи мутлақ жаҳон чемпионига айланди, Фьюри эса фаолиятидаги илк мағлубиятга учради.

Илгари Фюри фаолияти давомида 35 та жанг ўтказиб, 34 тасида ғалаба қозонган (24 таси нокаут билан), биттасида дуранг қайд этилган. Ўз навбатида Усик бунга қадар фаолиятида 21 та жанг ўтказган ва уларнинг барчасида ғалаба қозонган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!