Усмон Тошев: Японияга ютқазган бўлсак-да, яхши тарафларимиз ҳам кўзга ташланмоқда
ЖЧ-2022 иккинчи саралаш босқичи доирасида ҳаюртимиз Усмон Тошев бошқараётган Тожикистон миллий терма жамоасининг ўйинларига ўзбекистонликлар ҳам бефарқ эмас. Дастлабки иккита турда ғалаба қозонган ён қўшниларимиз учинчи турда дам олиб, тўртинчи турд ўз уйида Японияга 0:3 ҳисобида имкониятни бой беришди. Иккинчи ўрин учун асосан Тожикистон билан Қирғизистоннинг кураш олиб бораётганини ҳисобга олсак, айни пайтга келиб бу борада иккала жамоанинг имкониятлари тенг ва ҳатто тўплар нисбатига кўра қирғизлар иккинчи ўринга чиқиб олишди. Бундан буёғига ҳам ўйинлар янада шиддатли ва қизғин тус олаверади. Ўзбекистонлик мутахассис Усмон Тошев даставвал Японияга қарши ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Умуман олганда, жамоамиз ёмон ўйнамади. Қайтанга, йигитлар роса ҳаракат қилишди, яхши ўйин кўрсатишга интилишди. Шу боис раҳбарият ҳам, халқ ҳам жамоамизнинг кўрсатган ўйинидан мамнун. Албатта, мағлубиятга учраганимиз яхши иш бўлмади. Биз камида дуранг ўйнашни хоҳлагандик. Лекин тан олайлик, японлар маҳорат бобида биздан анча кучли. Шунинг учун айрим ҳолатларда футболчиларимизнинг хатога йўл қўйиши оқибатида голлар ўтказиб юбордик. Лекин умумий олиб қараганда, 65 ва ҳатто 70 дақиқа давомида йигитларимиз яхши ўйнашди. Мураббий сифатида яхши баҳолайман ва энди бу ўйинни унутиб, навбатдаги учрашувларга тайёргарлик кўрамиз.
Тожикистон терма жамоаси биринчи бўлимдан кейин Япония билан 0:0 ҳиосбида дуранг ўйнаб турганди. Аммо ўйиннинг асосий воқеалари танаффусдан кейин содир бўлди. Натижада иккинчи бўлим бошларида бирин-кетин иккита гол ўтказиб юборишди ва учрашув охирларига яқин японлар учинчи голни ҳам уришди. Айтиш жоизки, биринчи бўлимда мезбонлар яхшироқ таассурот қолдиришганди. Бош мураббий эса танаффусгача 0:0 ўйнаб, иккинчи бўлимда учта гол ўтказиб юборилгани борасида шундай деди:
- Биласизми, биринчи бўлимдан кейин биз бироз мувозанатни йўқотдик. Натижада оддий вазиятдаги индивидуал хато бизга қимматга тушди. Аслида эса мана шундай индивидуал хато биринчи таймда ҳам бўлаётганди. Аммо ўшанда рақиб гол ура олмаётганди. Йигитларимиз рақибнинг тезкор ҳужумларига йўл қўймасликлари керак эди. Мен бу борада уларга тушунтириш ҳам бергандим. Лекин ўйин давомида йигитлар ўзларини бироз йўқотиб ҳам қўйишди. «Навбаҳор»да ўйнаётганда Амирбек Жўрабоев ўйиннинг бошларида жароҳат олиб майдондан чиқиб кетди. Ўрнига ёш ўйинчини туширганимизда ўзини бироз йўқотиб қўйди.
Бунга қадар Усмон Қудратович бир неча бор ўз чиқишларида ҳатто Японияга ҳам тактик жиҳатдан ютқазмаслиги ҳақида айтганди. Табиийки, мураббийнинг ўзига бўлган ишончи туфайли бу ўз-ўзидан футболчиларга ҳам таъсир қилиши турган гап эди. Аммо тажриба барибир ўз сўзини айтмасдан қолмади. Хўш, чиндан ҳам Тошев айтганидек, японияликларга тактик жиҳатдан ютқазишмадими? Ушбу масалада ҳам ҳамюртимизнинг фикрларига қизиқдик.
- Ҳа, биз тактик жиҳатдан умуман ютқазмадик. Машғулотларда нима устида ишлаган бўлсак, шуларни майдонда кўрсатишга ҳаракат қилдик. Масалан, қисқа паслар орқали икки марта биз қулай вазиятга чиққандик. Бироқ гол уриш учун футболчиларимизга маҳорат етишмади. Барибир тажриба бобида уларнинг кучли эканлиги билиниб турганди. Уларнинг паслари ҳам аниқ ва ҳар бир футболчи майдондаги ўз ишини жуда яхши билади. Ҳа, биз ютқаздик. Аммо ўйиннинг умумий кўринишини оладиган бўлсак, бизнинг яхши тарафларимиз ҳам кўзга ташланмоқда. Йигитлар имкони қадар ўзининг максимал ҳолатида ўйнашди. Ҳозирча эса бизнинг кучимиз шунгача етади. Мана, биринчи тайм 0:0 ўйнадик. Афсуски, ҳисоб очилмаган пайтда иккита ажойиб имкониятдан фойдалана олмадик. Ҳаттоки, бу пайтга келиб рақибимиз гол уриш учун вазият яратмаганди. Иккинчи бўлимда ҳам яна 2-3 та имкониятларга эга бўлдик. Ўйиндан кейинги статистикани кўрганимизда тўплар нисбати 53 га 47 фоиз бўйича уларнинг томонида бўлди. Бу у қадар катта тафовут эмас. Жамоамиз бу ўйиндан тажриба олди ва насиб бўлса, келгуси ўйинларда ушбу ўйиннинг ижобий таъсири бўлади. Лекин японлар ҳар томонлама кучли эди ва улар жуда хотиржам равишда ўйнашди.
Шуни ҳам унутмаслик керакки, саралаш босқичининг охирига борганда тўплар нисбати ҳам муҳим роль ўйнайди. Масалан, Қирғизистон бу борада имкониятларини яхшилаб олди. Гарчи тожиклар билан очкоси тенг бўлса-да, 9 та гол уриб, 2 та ўтказишган. Бу борада эса Тожикистонда -1. Яъни, улар 2 та гол уришган ва 3 та тўп олиб чиқишган. Демак, кўриниб турибдики, Тожикистон ҳам кейинги ўйинларда кўпроқ голлар уриши талаб қилинади. Бу эса уларга қўшимча босимни юклаши ҳам мумкин. Лекин Тошевнинг ушбу масаладаги фикрлари бошқачароқ бўлди.
- Мени Қирғизистоннинг тўплар нисбатини яхшилаб олгани хавотирга солаётгани йўқ. Мен ҳозирги ҳолатни тушуниб турибман. Биз эса голлар уришимиз учун шунга яраша имкониятларга эга бўлишимиз керак. Биласизми, аслида вазиятларни ярата олишимиз учун бизга тажриба ва вақт керак. Буни битта машғулот билан уддалаб бўлмайди. Албатта, голлар уришга интиламиз. Бироқ бизда кўпроқ гол уриш борасида аниқ мақсад йўқ. Ҳаттоки, битта гол уриб олишимиз ҳам аслида биз учун катта вазифа бўлади. Албатта, битта гол урсак яхши, агар икки-учта гол урсак ундан-да яхши. Лекин Қирғизистон билан бизни таққослайдиган бўлсак, уларда тажриба кўпроқ. Чунки улар катта мусобақани кўриб келишди. Ўзингиз ҳам биласиз, ҳар бир мусобақадаги ўйин футболчига катта масъулият ва маҳорат беради. Биз ҳам мана шундай йўлни босиб ўтишимиз керак. Аммо кўр-кўрона бирор нимани бажаришга интилсак бўлмайди. Бизнинг ҳозирги вазифамиз яхши ўйин кўрсатиб ғалаба қозониш. Агар ғалабаларимиз кўпроқ бўлса, кейин икки ёки учта гол уриш ҳақида ўйлашимиз мумкин. Аммо буни бажариш аслида осон иш эмас. Масалан, бизга қарши ўйнайдиган жамоа ҳам тайёргарлик кўради, ўрганади. Ахир гол уриш ўз-ўзидан бўлмайди. Япония билан ўйинда хатоларимизни кўрдик, ҳаттоки айрим вазиятларда устунлик жиҳатларимизни ҳам пайқадик. Ўша устунликни йигитларимиз сезишганида ўзларига бўлган ишонч кучаяди. Лекин бундай даражадаги ўйин ҳар куни бўлаверайди ва бундай рақиб доим ҳам топилавермайди. Чунки кучли термалар ҳамиша ўзига мос жамоалар билан ўйнашади. Кучли рақиблар билан ўйнаш учун эса илтимос қилиш керак ёки бошқа йўлларини қидириб топиш лозим. Хуллас, кучлиларга қарши ўйнаш осон эмас. Бу сафар бахтимизга саралаш босқичида мана шундай кучли рақибга қарши ўйнашга муваффақ бўлдик ва бу орқали кучли ва кучсиз томонларимизни кўрдик. Демак, биз шунга қараб янада кўпроқ ишлаймиз ва голларимизни қандай кўпайтириш устида ишлаймиз.
Тожикистон терма жамоаси ўтган турда дам олди. Шундан фойдаланган ҳолда уларнинг бирор-бир терма билан ўртоқлик учрашуви ўтказиши кутилганди. Аммо бундай бўлмади ва жамоа асосан машғулот ўтказиш билан чекланди. Бу ҳақида Усмон Қудратович қуйидагиларни маълум қилди.
- Албатта, биз ўйин ўтказмоқчи эдик. Ўша пайтда Таиланд бўш эди ва улар билан ўйнамоқчи бўлиб тургандик. Лекин кейин билсак, уларнинг мураббийи япониялик экан. Натижада бўлажак рақибимиз Япония терма жамоаси эканлигини билган ҳолда бу ўйиндан воз кечдик. Бунинг устига Таиланд ўйинни ўзида ўтказишини айтди. Агар биз борадиган бўлсак, об-ҳаво ва яна бошқа нарсалар таъсир қиларди. Шунинг учун Душанбеда шуғулланишда давом этдик. Агар Таиланд билан ҳеч бўлмаганда ўз майдонимизда ўйнасак ҳам яхши бўларди. Бу ўйинни 10 октябрда ўтказсак, кейин 15-куни Японияни бемалол қабул қилардик. Агар Таиландга борсак, асосий ўйин учун қисқа фурсат қоларди ва шунинг учун сафарга чиқиш бизнинг режаларимизга тўғри келмасди.
Шуни алоҳида айтиш керакки, охирги пайтларда Тожикистонда болалар футболида яхшигина силжиш кузатиляпти. Ўсмирлар ва ёшлар термаларининг кўрсатаётган натижалари эса фикримизга исбот бўла олади. Бу ҳолат ҳам Тошевнинг эътиборидан четда қолаётгани йўқ.
- Бунинг ҳеч қандай сири йўқ, фақат астойдил ишлаш керак, эътибор қилиш лозим ва ҳаракатдан тўхтамаслик даркор. Айни пайтда биз барчамиз мураббийлар билан биргаликда янгича дастур асосида ишлаяпмиз. Шунчаки, у ерда қаттиқ ишлашяпти.
Фикрлар