Вадим Абрамов: 5 нафар ўйинчимизнинг ўрнини кимлар билан тўлдиришни ўйлаб турибман

Хабарингиз бор, бугун Осиё Чемпионлар Лигасининг 2020 йилги мавсуми учун қуръа ташланди. Қуръадан сўнг «Бунёдкор» футбол клуби бош мураббийи Вадим Абрамовнинг фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

- Ҳаммаси эски-таниш рақиблар. Асосийси, босқичма-босқич барча учрашувларда ғалаба қозониш ва гуруҳ босқичига йўл олиш керак. Лекин олдинга ўтиб гапиришни истамасдим. Чунки аввало 21 январь куни ўз уйимизда «Ал Завра»ни мағлуб этишимиз лозим. Кейин навбатдаги рақиблар ҳақида гапирса бўлади. Айтишим мумкин, мақсадимиз гуруҳ босқичига йўл олиш.

Таъкидлаганимдек, биринчи ўйинни 21 январь куни ўтказамиз. Ўша куни Ўзбекистон олимпия терма жамоасига номзод беш нафар ўйинчимиз биз билан бирга бўлмайди. Улар ўша вақтда терма жамоа таркибида Осиё Чемпионатига йўл олади. Катта эҳтимол билан бу йигитлар 28 январь куни ҳам ҳали терма жамоа ихтиёрида бўлади. Шу боис ҳозирданоқ беш нафар ўйинчимизнинг ўрнини кимлар билан тўлдиришни ўйлаб турибман. Мени ўйлантираётган бошқа муаммо йўқ, - деди Вадим Абрамов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!