Вадим Абрамов: "Барчасига ўзимиз айбдор"
Про лига 9-тури доирасидаги «Динамо» - «Қўқон-1912» (3:3) учрашувидан кейин Вадим Абрамов ўйин борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ўйин давомида 3:1 ҳисобида олдинда бораётиб, ўйин охирида 3:3 ҳисобини қайд этиш ёқимсиз, албатта. Биз ёмон ўйнадик. Ютқазишимиз ҳам мумкин эди. Барчасига ўзимиз айбдор. Орада 20 кундан ортиқ танаффус юзага келгани ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Ахир, 20 кундан кўпроқ ўйнамадик, яхши спорт формасини сақлаб қолиш қийин. Футбол шуниси билан қизиқ, энди хатони тузатишимиз шарт.
- Танаффусдан кейин кетма-кет учта ўзгариш билан ўйинда ўзгариш қилинди – жамоа 3:1 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Аммо сўнгги дақиқаларда айнан нима етишмади?
- Ҳисоб 3:1 бўлганида шунчаки тўғри ўйнашимиз керак эди. Ўйинни тинчлантиришимиз ва паслар орқали ўйнашимиз лозим эди. Биз эса хатоларга йўл қўйдик. Ёш ўйинчилар ҳиссиётга берилиб, ўйнашди. Рақибнинг стандартлари бизга муаммолар яратди. Ҳар бир стандарт вазиятидан кейин шошма-шошарликка йўл қўйдик. Биз стандартлар бўйича рақибга ютқаздик.
- «Локомотив» ҳам «Машъал» билан дуранг қайд этди...
- Ўйин олдидан бу ўйин дуранг бўлса керак, деб тахмин қилгандим. Кураш қизимоқда, кўрамиз, буёғи ҳам қизиқ бўлади.
Кейинги ўйинларда таркибда ўзгаришларга қўл урамиз. Бугун марказий чизиқ кўп вазиятларни бой берди. Хатолар эса нотўғри ўйнаганимиздан бўлди.
- Танаффусдан кейин қаторасига ўзгаришларга қўл урдингиз. Асосий таркибни танлашда хато қилдим, деб ҳисоблайсизми?
- Орада катта танаффус юзага келгани учун таркибни танлаш қийин бўлади. Чунки машғулотларда ҳам барча ўйинчиларни ҳолати ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш қийин. Мен охирги ўйинларда майдонга туширган таркибни туширгандим.
Жамоа шижоатидан қониқдимми? 3:3 ҳисоби мухлислар учун қизиқ бўлиши мумкин, аммо биз ҳозиргача турнирда фақат битта гол ўтказиб юборган эдик. Бугун эса 3 та қўйиб юбордик. Бу мени ташвишлантирадиган жиҳат. Шу ҳолатда ҳам дарвозабонимизни эътироф этиш керак, Фарҳод Раҳматов кўп вазиятларга дарвозани голдан сақлаб қолди, - дейди Вадим Абрамов ўйиндан кейин.
"Динамо" матбуот хизмати.
Фикрлар