Вадим Абрамов: "Жуда ёмон ўйнадик"

«Динамо» - «Навбаҳор» (1:2) ўйинидан кейин дастлаб мезбонлар бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида қатнашиб, журналистлар саволларига жавоб қайтарди. Бу ҳақида клуб матбуот хизмати маълум қилди.

«Нима ҳам дердим, ҳамма ўйинни кўрди – ёмон бошламадик, гол урдик, аммо ҳимояда хатоларга йўл қўйдик. Рақибнинг илк ҳужумиёқ дарвозамизга белгиланган пеналти билан якун топди. Кўп ўтмай, яна оддий ҳолатда гол ўтказиб юбордик. Бугун мағлубият учун фақат ўзимиз айбдормиз, чунки нотўғри ўйнадик. «Навбаҳор»ни ғалаба билан табриклайман. Очилиш ўйинидаги мағлубият учун мухлислардан узр сўраймиз. Барча ғалаба кутганди. Аммо бу ҳали биринчи тур, ҳаммаси ўзимизнинг қўлимизда – умид қиламанки тўғри реакция билдира олсак, ҳаммаси яхши бўлади. 

- «Динамо» ўтган йилги таркиби асосини деярли сақлаб қолган, аммо ўтган йилги ўйиндан ҳеч нарса кўрмадик...

- Тўғри, фикрингизга қўшиламан. Чунки нотўғри ўйнадик. Ҳисобни тезкор гол билан очганимиздан кейин бу гўё ёрдам бериши керак эди, аммо қисқа вақтдаги хатолардан кейинги голлар жамоага акс таъсир қилди. Дарҳол нимадир дейиш қийин. Таҳлил қилиб, қаерда нотўғри ишлаганимизни англашимиз зарур. Чунки бунгача бугунгидек ўйнамагандик. Бугун жуда ёмон ўйнадик. 

Мағлубият учун кимнидир айбламайман, бутун жамоа нотўғри ўйнади. Мавсум бошида кутилмаган натижалар бўлиб туради, 5-турдан кейин ким аслида қандай кучга эга экани ҳақида гапириш мумкин бўлади, - дейди Вадим Карленович.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!