Вагиз Галиулин: Бердиев менга кўп нарсани ўргатган
Ads

Ҳамюртимиз Вагиз Галиулин тўп тепадиган “Тосно” клуби эртага Россия Премьер-лигаси доирасида “Рубин”га қарши баҳс олиб боради. Клуб матбуот хизмати мазкур ўйин олдидан ҳамюртимизнинг фикрлари билан қизиқди.

-   Россиядаги фаолиятингизнинг бошланиши айнан “Рубин” билан боғлиқ. У жамоадаги дебютингизни эслайсизми?

-   Дебютим Россия кубогида бўлган. Чемпионат баҳсларида эса 2008 йил ўйнаганман. Ўшанда биз чемпион бўлган эдик ва мен ЦСКАга қарши баҳсда 15 дақиқа тўп тепганман. Тўғри, ўшанда биз 0:3 ҳисобида имкониятни бой берган эдик.

-   “Рубин” Россия чемпиони ва кубоги соҳиби, МДҲ кубоги ғолиби бўлган давр клубнинг энг яхши дамлари эдими?

-   Ҳа, 2010 йил биз Россия Суперкубогини қўлга киритганмиз. Ўшанда ЦСКАни 1:0 ҳисобида мағлуб этган эдик. Александр Бухаров томонидан киритилган голни ҳеч ёдимдан чиқармайман. Ўшанда мен ўйнамаслигим керак эди. Бироқ Карадениз ва Семаклар жароҳат олганликлари боис, бош мураббий – Қурбон Бердиев мени асосий таркибда майдонга туширган эди.

-   Сизнинг “Рубин”даги фаолиятингизда Бердиевнинг ўрни қандай?

-   Мен Қурбон Бекиевични ҳурмат қиламан. Чунки, у инсон менга футболда ҳам, ҳаётда ҳам кўп ёрдам берган.

-   “Тосно”дан Забалотний ва Марковлар кетганидан сўнг, асосий тўпурар сиз бўлиб олдингиз. Сизга кўпроқ гол уриш ёқадими ёки ассистентлик қилиш?

-   Ҳозир менинг голларим ёки ассистентликларим муҳим эмас. Жамоамизнинг ғалабаси энг муҳимидир.