Ҳа дегунча, Англия Премьер лигасининг 25-тури ҳам ортда қолди. Олдинда ҳар бир клубнинг лига доирасида яна 13 та беллашуви бор. Бунгача ўзини кўрсатиб, гол уриш маҳоратини ишга солаётган футболчиларга қисқача тўхталиб ўтамиз. Зеро, АПЛда доимо тўпурарлар пойгаси қизиқарли тус олган.

25 та тур ортда қолганидан сўнг, 49 очко жамғарган ҳолда учинчи поғонани эгаллаб турган "Лестер" форварди Жейми Варди 17 гол билан етакчилик қилмоқда. 33 ёшли футболчи профессионал фаолиятини 2007 йили "Стоксбридж" жамоасида бошлаган. Кейинчалик, "Галифакс Таун" ва "Флитвуд Таун" клубларида тўп сурган. Тўпурарлик махоратини намойиш эта олган футболчи 2012 йилдан бошлаб, "Лестер" сафида фаолият олиб боради. Клублардаги умумий фаолияти давомида 482 та расмий учрашув ўтказиб, 253 та гол уришга эришган. Бундан ташқари, Англия терма жамоаси таркибида 26 та баҳс ўтказган ва 7 маротаба рақиб дарвозасини ишғол этган.

Jamie-Vardy

"Манчестер Сити" ҳужумчиси Серхио Агуэро жорий мавсум АПЛда 16 та гол уришга эришди. 2008 йилги Олимпияда ўйинлари чемпиони, 2014 йилги жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби бўлган аргентиналик форвард "Индепендьенте" ва "Атлетико" шарафини ҳимоя қилган. 2011 йилдан эътиборан "шахарликлар" аъзоси ҳисобланади. 31 ёшли футболчи 653 та учрашувда 376 та гол урган. Аргентина терма жамоаси либосида 97 маротаба майдонга тушиб, 42 та голга муаллифлик қила олган.

AGY3

Мавсум стартини юқори кайфиятда бошлаган "Арсенал" юлдузи Пьер-Эмерик Обамейянг сўнгги турларда гол уришда оқсамоқда. 14 та голни ўз ҳисобига ёздириб қўйишга улгурган африкалик футболчи сўнгги бор 21-турда "Кристал Пэлас" дарвозасини ишғол этганди ва ушбу учрашувнинг 67-дақиқасида майдондан четлатилганди. 30 ёшли тажрибали футболчи "Милан", "Дижон", "Лилль", "Монако", "Сент-Этьен", "Боруссия Д" клубларида профессионал футболчи сифатида фаолият олиб борган. У 2018 йилдан буён Лондон клуби учун тўп суради. Эътиборли томони, Обамеянг Франция (U-21) нинг ёшлар терма жамоасида майдонга тушган ва кейинчалик, Габон терма жамоасида фаолиятини давом эттирди.

Габон ва Франция фуқаролигига эга бўлган ҳужумчи ўзи ўйнаган клублари сафида 486 та баҳсни ўтказган ва 253 маротаба рақиб дарвозабонларини ранжитган. Габон миллий терма жамоасида 56 та ўйин ўтказиб, 23 та гол урган.

aubameyang.arsena.2019.20.ginocchio.750x450

"Саутгемптон" форварди Дэнни Ингс ҳисобида ҳам 14 та гол бор. Англиялик футболчига рақобатлик қилаётган машхур ва тажрибали ҳужумчиларга нисбатан, Ингснинг статистик кўрсаткичлари у қадар кўз-кўз қилишли эмас! 27 ёшли футболчи 2009-2011 йиллари "Борнмут" жамоасида 7 та гол ура олган ва бу орада 2010 йили "Дорчестер Таун" клубида ижарада тўп тепиб, 4 та голга муаллифлик қилган.

2011-2015 йилларда "Бёрнли"да ўзини кўрсатиб, умумий 38 бор рақиб дарвозасини ишғол этган ва гранд жамоалардан бири "Ливерпуль" эътиборини ўзига жалб қила олган. 2018 йилга қадар "қизиллар" аъзоси бўлган, аммо асосий вақтини заҳирада ўтказган. 2018 йилдан бошлаб, узоқ вақт мобайнида орттирган тажрибасини "Саутгемптон"да ишга сола бошлади. Англия терма жамоаси сафида 2015 йилнинг 12 октябрь куни Литва (3:0) га қарши баҳсда майдонга тушган.

danny-ings

"Манчестер Юнайтед" форварди Маркус Рэшфорд ёш бўлишига қарамай, ҳамкасбларидан бўш келмаяпти.

Ҳозирги МЮда ўйнаб, тўпурарлик учун курашиш осон эмас, аммо Рэшфорд ўз иқтидорини ишга солмоқда ва кўп ҳолларда жамоани муҳим вазиятларда қутқариб қолишни уддасидан чиқяпти. АПЛнинг жорий мавсумида 14 та голга муаллифлик қилиб турган Рэшфорд 2016 йилда футболчилик фаолиятини профессионал тарзда бошлаган ва фақатгина "қизил-иблислар" шарафини ҳимоя қилган. Шу кунгача, 201 та расмий беллашувларда майдонга тушиб, 64 маротаба рақиб дарвозасига тўп киритган. 2016/17 йилги мавсумда жамоаси билан Европа Лигаси чемпиони бўлган. Англия терма жамоасидан мунтазам равишда чақирув олиб келади.

Rashford-3

Премьер лиганинг амалдаги мавсумида бирор маротаба мағлуб бўлмаган "Ливерпуль" клубининг ҳавас қилса арзийдиган ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ ҳисобида ҳам 14 та гол бор. 27 ёшли форвард 2010 йили "Мокавлун" клубида футболчилик фаолиятини бошлаган. Миср клубидаги 2 йиллик фаолиятидан сўнг, Европага йўл олган ва Швейцариянинг "Базель" жамоаси таркибида 2 йил ўйнаган. 2014-2016 йиллари "Челси" шарафини ҳимоя қилган ва асосий вақтини заҳирада ўтказган. Бу орада, "Фиорентина"да ижара асосида тўп суриб қайтган. 2017 йилги мавсумгача "Рома" аъзоси сифатида ростманасига порлаган.

Ажойиб ўйинлари билан Англия эътиборини яна ўзига тортган ва "Ливерпуль" билан янги шартнома имзолаган. Юрген Клопп қўл остида африкалик футболчи юлдуз даражасига кўтарилди ва ҳозирда ҳар қандай жамоа ўз таркибида бундай футболчини кўришни орзу қилса ажаб эмас! Салоҳ клублар сафида умумий 379 та учрашув ўтказиб, 165 маротаба рақиб дарвозасига йўл топган. Миср термаси сафида эса 68 та баҳсда майдонга тушган ва 41 та голни ўз ҳисобига ёздириб қўйган.

merlin_167384142_5b77fc49-8fa8-474e-af24-26d61ece308a-articleLarge

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!