ВАРнинг йўқлиги кимга фойда-ю, кимга зарар? Андижондаги баҳсда ҳам яна ҳакамлар мавзуси...
Охирги пайтларда футболимизда қайноқ муҳит ҳукм суряпти-а? Айниқса, ҳар бир ўйинимиз қандайдир юқори даражадаги босим ва шу билан бирга унинг фонида гап-сўзлар қоришмасида “шаклланяпти”. Куни кеча Ўзбекистон Coca-Cola Кубоги чорак финал ўйинлари ўтказилди. Тўртта ўйиннинг ҳар бири алоҳида мавзу бўла олади. “Сўғдиёна” “Қизилқум”ни пенальтилар сериясидагина мағлуб этди. Айнан жуфтликлар орасида биргина Жиззахдаги учрашувда пенальтилар сериясигача борилди. Наманганда “Навбаҳор” – “Пахтакор” тўқнашувининг иккинчи қисми бўлиб ўтди. Кутилганидек, бу ўйин катта афиша ва ўйиндан кейин ҳам шунга яраша мунозараларга сабаб бўляпти.
Навбатдаги иккинчи ўйин Қарши ва Андижонда бўлиб ўтди. “Насаф” ўз уйида “Локомотив”ни 1:0 ҳисобида ютди. Бу учрашувда футболчилар ўртасида жанжал келиб чиққан. Шунингдек, меҳмонлар голи инобатга олинмагани ҳам баҳсли вазият сифатида баҳонланмоқда. Биз эса “Бобур Арена”да “Андижон” ҳамда АГМК иштирокидаги учрашувга гувоҳ бўлдик.
Чорак финалчилар орасида про лигадан биргина “Андижон” етиб келди. АГМКга қарши учрашувда про лига карвонбошиси сифатида майдонга тушди. Ўйин олдидан рақиб Суперлига етакчиларидан бири бўлгани сабабли ҳам АГМК фаворит сифатида баҳоланди. Аммо ўйин ҳарорати жуда қайноқ бўлиши олдиндан маълум эди. Боиси “Андижон” про лигада бўлса-да, Кубокда ҳам олдига қўйган мақсади бор эди. Жамоа шунга яраша тайёрланди. Ўйин ҳам зўр ўтди. Телевизор орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди ва катта аудитория томоша қилди. Лекин ушбу учрашувда ҳам қатор баҳсли вазиятлар кўзга ташланиб қолди.
“Андижон” – АГМК баҳсига бош ҳакам сифатида Виктор Серазетдинов тайинланганидаёқ маҳаллий мухлисларда қандайдир хавотир пайдо бўлганди. Статистикага қарасак, жорий мавсумда у “Андижон” иштирокидаги иккита учрашувни бошқарган. Сафарда “Зомин” ва Андижонда “Бухоро” билан ўтказилган ўйинларда ҳакамлик қилган ҳамда иккаласида ҳам “Андижон” гол ура олмаган. Ушбу баҳсларда 0:0 ҳисоби кузатилган.
Афсуски, “Андижон” – АГМК учрашувида ўша бош ҳакам айрим қарорлари билан катта саҳнага чиқиб қолди. Мезбонлар биринчи бўлимдан кейин ҳисобда ортда қолаётган маҳалда иккинчи бўлимда ҳужумларини кучайтирди. Натижада АГМК дарвозаси олдида кетма-кет хавфли вазиятлар яратила бошланди. Лекин мезбонларнинг бирин-кетин иккита ҳужумида тўп АГМК футболчиларининг қўлига теккан ҳолатда бош ҳакам ўйиннни давом эттирди ва бу ҳолат мезбонларнинг кескин эътирозига сабаб бўлди. Мана шундай вазиятда ўйинга ВАРнинг қўйилмагани жуда панд берди, дейиш мумкин.
Эътиборлиси, ЎзПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев ўзининг телеграмдаги каналида дарҳол “Андижон” – АГМК ўртасидаги ўйиндаги ҳакамлик учун муносабат билдириб чиқди. “Ўтган мавсум Жиззахда бўлиб ўтган учрашувдан кейин ҳакамлардан бири фаолиятини якунлаши шарт экани ҳақида айтгандик. Ўша фикримизда қоламиз, у ҳакамга катта футболда қиладиган иш қолмаган. Бу сафар позициямизни Ҳакамлар марказига расман билдирамиз”, - дейди Имомхўжаев.
Бу ерда гап ким ва қайси ўйин ҳақида кетаётганини тахмин қилиш мумкин. Чемпионатнинг 2-турида “Сўғдиёна” “Турон”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этган. Ўша ўйинни бошқарган Виктор Серазетдинов йўқ жойдан рақиб дарвозасига пенальти белгилаган ва Шохруз Норхонов гол урган. Натижада бу жиддий эътирозларга сабаб бўлган.
Хуллас, ЎзПФЛ бош директори Ўзбекистон Кубоги чорак финалдаги барча ўйинлар якунига етгач, яна бир пост қолдирди. Бу сафар унда шундай дейилади: “Чорак финалдан ўрин олган 4 та беллашувдан 3 тасида ҳакамликка эътироз бор. “Андижон” ва “Локомотив” клублари нисбатан кўпроқ зарар кўришди. Агар мазкур ўйинларда ВАР ишлаганида, вазият бошқача бўлиши мумкин эди. Биз ВАРни йўқотиш ҳақида эмас, уни такомиллаштириш ҳақида ўйлашимиз керак. Ўзбекистонлик ҳакамлар ВАРни узоқ кўраётганига сабаб уларнинг уқувсизлиги эмас, бизда сифатли такрорий лавҳалар йўқ, техника етарли эмас.
ВАР бизда илк бор 2020 йилги кубок финалида ишлаганди (Наманганда АГМК ва “Пахтакор” ўйнаган). 2022 йилги Кубокда фақатгина ½ финалдан бошлаб ВАР ишлаши учун рухсат олинган (нега шундай эканлиги бизга қоронғу). Билганим шуки, Суперлига ўйинлари ва Кубокдаги ВАР учун йиллик лицензия тахминан 50 минг доллар атрофида бўлади ва бу пулни 2022 йил учун ЎзПФЛ тўлаб берган.
Агар бизда стадионнинг қарама-қарши томонидан туриб ишлайдиган 4 тадан камера бўлса, муаммолар ечими нисбатан осонлашган бўларди. Бунинг учун бизга камида 12 та шундай камера керак бўлади. Бизнингча, қайсидир жамоалар “не за что” зарар кўрганидан кўра, юқоридаги масалага ечим излаш тўғри йўл”, - дея бу сафар ҳам Имомхўжаев фикр билдирди.
Кўриб турганингиздек, Андижондаги ўйинда ҳам ҳакамлик эътирозларга сабаб бўлди. Албатта, мезбонлар ҳам ўзи яратган қулай имкониятлардан самарали фойдаланганида балки вазият бошқача тус олиши мумкин эди. АГМК эса икки бор ўзи учун муҳим голларни уриб кетди. “Андижон” эса яна чорак финалда тўхтади. Лекин ҳакам юқоридаги вазиятларда одилона қарор чиқарганида баҳс тақдири бошқача кечиши ҳам ҳеч гап эмасди. Масалан, ўша баҳсли вазиятларнинг бирида тўп АГМК сардори Санжар Турсуновнинг қўлига яққол теккани акс этган видео ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди. Лекин бўлар иш бўлди, энди ҳеч нимани ортга қайтариб бўлмайди. Фақат бу каби низоли ҳолатларни бартараф этмас эканмиз, муаммоли масалалар кўпаяверади.
Фикрлар