Вергара: «Дебютимдан мамнунман, биз ҳар қандай рақиб билан кураша оламиз»
«Наполи» жамоаси ярим ҳимоячиси Антонио Вергара Италия терма жамоаси сафида илк бор майдонга тушди. У Францияга қарши ўртоқлик учрашувининг сўнгги ярим соатида ўйинга қўшилди. Беллашув 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланди.
«Терма жамоадаги дебютимдан жуда хурсандман, бу менинг ўйин услубим — ҳаммаси табиий равишда чиқяпти. Мураббий мендан хотиржам бўлишни сўрайди ва бирга-бир вазиятларда рақибни алдашга ҳаракат қилишимни айтган. Ўйин охирида биз янада ҳужумкор ўйнашимиз, ғалабани тортиб олишга уринишимиз мумкин эди. Биз бу ерга фақат ҳимояланиш учун келмаймиз — ҳар қандай рақиб билан тенгма-тенг ўйнашни истаймиз», — дея Вергаранинг сўзларини келтиради calcionapoli1926.it сайти.
Душанба куни Италия терма жамоаси яна бир ўртоқлик учрашувини ўтказади — бу сафар рақиб Туркия терма жамоаси бўлади.

Фикрлар