Веско Стешевич: "Турдан-турга ўйинимиз яхшиланиб боряпти"

“Андижон” – “Металлург” (1:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида шунингдек, меҳмонлар бош мураббийи Веско Стешевич ҳам иштирок этди.

- Жанговар руҳдаги ўйинни гувоҳи бўлдик. Иккала жамоа ҳам етарлича курашди. Биринчи таймда иккита яхши имкониятимиз бўлганди. Лекин бундан тўлиқ фойдалана олмадик. Танаффусдан кейин яхши вазиятларга эга бўлдик. Дарвозабонимиз ҳам маҳорат кўрсатди. Афсуски, ғалабани сақлаб қола олмадик.

- Дарвозабоннинг ҳолати яхшими? Унда жароҳат борга ўхшади...

- Уни ҳали тўлиқ кўздан кечирмадим. Менимча, унда ҳаммаси яхши, деб ўйлайман.

- “Металлург” ҳали ютмади. Лекин “Пахтакор”га қарши муносиб ўйин кўрсатди. Бугун дуранг қайд этди. Аста-секин ўйин сифати яхшиланяпти. Жамоа ғалабага қараб кетяпти.Чемпионатдаги илк ғалабасини тез кунда кўришимиз мумкинми?

- Ўринли ва мазмунли савол. Фикрларингизга қўшиламан. Турдан-турга ўйинимизни яхшилаб боряпмиз. Афсуски, ўтган турда пенальтини амалга ошира олмадик. Бугунги ўйинда ҳам гол урган футболчимиз яхши натижа кўрсатяпти, уни қўллаб-қувватлаймиз. Бугун яхши ҳаракат қилдик. Аммо бир-икки вазиятдаги хатоларимиз эвазига гол ўтказиб юбордик. Агар ғалабани сақлаб қолганимизда ўйинчиларимизга ва барчамизга чин маънода мукофот бўларди. Берган саволингизни қўллаб-қувватлайман. Ўйиндан-ўйинга натижаларимиз яхшиланиб боряпти.

- Жоржевич янги трансфер сифатида олинганди. У ҳақида фикрингиз? Ўринбоевнинг ҳолати қандай?

- Забиҳиллони жароҳати бор. Секин-аста тиккаланяпти. Ўйлайманки, 10 кунлардан кейин машғулотларимизда қатнашишни бошлайди. Индивидуал шуғулланишга киришди. Барчамиз жамоамиз сардорини тезроқ майдонга қайтишини хоҳлаймиз. Аммо бунга бироз муддат керак. Бошқа ўйинчиларимиз ҳам имкон қадар ҳаракат қилишяпти. Жоржевич ҳам интиляпти. Миличкович ҳам бошида қийналганди. Мана, ҳозир анча яхшиланиб боряпти.Барча футболчиларимизни яхши формада бўлиши учун ҳамма имкониятларимизни ишга соляпмиз.

“Андижон” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!