Викрам Свапрагасам: "Исроил Мадримов супер атлет!"
Хабарингиз бор, 9 июль куни ҳамюртимиз Исроил Мадримов франциялик Мишель Сорога қарши навбатдаги жангини ўтказади. Аввалги жанг қандай натижа билан тугаганлиги барчага маълум. Биз реванш жангидаги имкониятлар борасида ўзбекистонлик бокс мураббийларининг фикрларини эътиборингизга ҳавола этгандик. Ушбу анъанани давом эттирган ҳолда, биз энди хорижлик мутахассисларнинг мулоҳазалари билан қизиқдик.
Аввало, ушбу саволимизга Қудратилло Абдуқаҳҳоров ҳамда Азизбек Абдуғофуровнинг менежери ва ўз вақтида промоутери бўлган, "Vladimir Boxing" промоутерлик ҳамда менежерлик компанияси раҳбари малайзиялик Викрам Свапрагасам лаббай дея жавоб берди ва ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Исроил Мадримов ва Мишель Соро жанги бўйича менинг таҳлилим қуйидагича, биринчи жангдан келиб чиқадиган бўлсак, Мадримов Сорони қийин аҳволга солиб қўя олади ва унинг ажойиб оёқ ҳаракатлари орқали масофадан чиқиб кетиш қобилияти бор. Мадримов ёшроқ боксчи бўлиб, ўзининг юқори формасига кириб бормоқда. Соро олдинги жангда Мадримов томонидан қийин аҳволга солиб қўйилди ва у бу сафар эҳтиёткорроқ бўлади.
Мадримов масофани қисқартирганда Соро "жеб"лар орқали уни тутишга ҳаракат қилади. Дастлабки раундлар шундай кўриниш олади, лекин ёш факторини инобатга оладиган бўлсак, Соро бутун жангда консентрацияни ушлаб тура олади, деб ўйламайман. Мадримов кечроқ раундларда уни тутишга ҳаракат қилади, чунки у аллақачон Соро қандай жанг қилишини билади. Шахсан ўзим Мадримовнинг мухлисиман. У супер атлет. Унга бу жангда омад тилаб қоламан. Менинг тахминим - Мадримов муддатидан олдин ғалаба қозонади.
Фикрлар