Виктор Жалилов: "Очиқ ўйин кўрмадик, "Пахтакор" билан бундай ўйнаб бўлмайди"

Coca Cola Суперлига 18-туридан ўрин олган “Пахтакор” – “Навбаҳор” (0:0) учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида “лочинлар” устози Виктор Жалилов ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Эҳтимол, бугунги ўйин у қадар томошабоп кечмагандир, лекин кескин курашларга бой бўлди. Жамоалар қайси поғонадан жой олган бўлмасин, барча ўйинлар жуда оғир кечмоқда. Ўйлашимча, бугунги дуранг адолатли бўлди. “Пахтакор”да ҳам, бизда ҳам яхши вазиятлар бўлди, - дейди Виктор Жалилов.

- Қувондиқ Рўзиевнинг алмаштирилиши нима билан боғлиқ?

- У ўйин темпига улгура олмади, натижада у жойлашган қанотдан бир нечта ҳужумларни ўтказиб юбордик. Бундай ҳолат ҳамма футболчиларда учрайди. Шу боис, ўзгариш қилишга мажбур бўлдик. Сафимизда бу қанотда ўйнайдиган футболчилар етарли. Захира алмашиши ўз сўзини айтди, деб ўйлайман, ўйинимиз кучайди. Қанотлардан қарши ҳужумлар уюштирдик. Ушбу чизиқдаги ўйинни тенглаштиришга эришдик.

- Мутахассис сифатида мухлисларсиз футболга қандай қарайсиз?

- Албатта, ҳаммага қийин бўляпти, мухлисларга ҳам, футболчиларга ҳам. Мухлислар йўқлигида ўйинчилар психологик томондан жуда катта руҳий энергия сарфлашади. Бугун стадионда мухлислар бўлганида голлар ҳам кўрармидик. Менимча, ўйинларда сермаҳсулликнинг пасайиши мухлисларнинг йўқлиги билан боғлиқ. Ишқибозлар ҳужумдаги ҳаракатларга ундашади, ўйиндаги шиддат ортади, албатта, мухлисларнинг йўқлиги футбол, умуман, спорт учун катта йўқотиш. Лекин шунга кўнишдан ўзга чора йўқ, бундан ҳеч қаёққа қочиб бўлмайди. Ҳар ҳолда ҳиссиётлардан кўра, инсонлар саломатлиги устун.

- Бугунги ўйинда “Навбаҳор” дастлаб шиддат бобида “Пахтакор”дан устун кўринди. Лекин вақт ўтгани сари майдон эгаларидаги мудроқ ҳаракатлар сизларга ҳам юққандек кўринди...

- “Пахтакор” – жуда кучли жамоа. Улар таркибдаги футболчилари билан ўйин темпини назорат қила олишади. Ҳа, биз қайсидир дақиқаларда тезкор ҳужумлар орқали вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилдик. Шу боис, “Пахтакор” ҳам бизнинг ўйинимизга мослашишга интилди, таваккал олдинга интилмади, тартибли ҳимояланди. Умуман, бугун ҳар икки жамоа ҳужумга қараганда, мудофаадаги ишончли ҳаракатлар билан кўпроқ ажралиб турди. Очиқ ўйин кўрмадик, чунки “Пахтакор” билан бундай ўйнаб бўлмайди. Биз ҳам рақибни ўрганамиз, қайси ҳудудларни, қайси футболчиларни ёпиш кераклигини биламиз. Футболда рўй берадиган воқеаларни олдиндан айтиб бўлмайди. Қайсидир вазиятлар ажойиб чиқади, қайсидир ҳолатларда эса ҳаракатлар ўхшамайди. Умуман олганда, йигитлар стратегик томондан бугунги ўйин учун ўйлаган режамизни амалга ошира олишди.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!