Виктор Кумиков: "Бизда деярли ярим жамоа майдонда юрди"

“Андижон” – “Металлург” (1:2) жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар устози Виктор Кумиков қатнашди.

- Афсуски, учрашувнинг сўнгги дақиқаларини жуда бўш ўтказдик. Биз 1:0 ҳисобида олдинда бораётгандик. Ўйиннинг охирги дақиқалари эса ақлбовар қилмас даражада тус олди. Биз яна гол уришнинг ўрнига охириги бориб иккита тўп ўтказиб юбордик. Зеро, бизда иккинчи голни уриш имконияти бўлганди. Футболчимиз яккама-якка ҳолатга чиққанди. Қанчалик бўш ўйнаш керакки, деярли икки дақиқада иккита гол ўтказиб юбориш учун. Хуллас, мана шу икки дақиқа учрашув тақдирини ҳал қилди.

Ғалабага эрта ишониб юборишдими, аниқ бир нарса дея олмайман. Аммо футболчиларимиз учрашув давомида рақиб ўйинчиларини кутиб олишда оқсадилар. Ҳатто, дарвозамизга узоқдан зарба бераётганида ҳам унга қаршилик қилишмади. Рақиб тўпни ён чизиқдан ўйинга киритган пайтда ҳам футболчиларимиз хушёрликни йўқотишди. Тўп учун курашларда мана шундай ютқазаверишса, албатта бу мағлубиятга олиб келади. Аслида бундан олдинроқ бизга огоҳлантирувчи қўнғироқ бўлганди. Улар дарвозамизни ишғол қилиши мумкин эди, аммо кечиришди. Кейин ҳисобни очдик, гўёки, барчаси яхши кетаётгандек эди. Йигитларда ишонч пайдо бўлиши керак эди. Бизда эса ҳаммаси аксинча кечди. Йигитларга рақиб ҳужумини тўхтатиш учун олдинроқда уларни кутиб олиш вазифаси юклатилганди. Йигитлар жарима майдони ичига ётиб олмасликлари керак эди. Шунинг учун ҳам биз ютқаздик. Охирги беш дақиқада тўғриси, нималар бўлганини ўзим ҳам тушунмадим. Нотўғри ўйнашди, шунинг учун ҳам мағлуб бўлдик. Аксинча ўйин кўрсатиш ҳам мумкин эди. Рақиб бутун жамоа билан ҳужумга ўтиб кетганди ва уларнинг ҳимояси очиқ қолганди. Уларни шу йўл билан жазолаш мумкин эди. Раҳимқуловни олайлик, у ўша қулай вазиятда дарвозага зарба бериши ёки уни алдаши керак эди, гол урганида ҳаммаси бошқача бўларди. Шундан сўнг, ҳаммаси ўзгариб кетди.

Барчаси сифатга боғлиқ, сонга эмас. Бугун деярли ярим жамоа майдонда юрди. Кимларнидир алмаштирдик. Усмоналиев, иккита марказий ҳимоячи ва дарвозабон яхши ўйнади. Қолганлар бўш ҳаракат қилди. Ахир бутун жамоани алмаштира олмаймиз-ку!

Энди нима бўлади? Кўрамиз. Бу ўйин биз учун муҳим эди. Охирги иккита жамоа бизни рақобатчиларимиз эди. Ҳеч бўлмаганда иккинчи голни ўтказиб юбормаганимизда яхши бўларди.

Маҳаллий футболчилар муносибми? Ким? Бунинг учун мен айбдорманми? Ким гол ура олмади? Раҳимқуловми ёки легионерми? Димовни олайлик, ундан кўра яхшироқ ҳимоячимиз йўқ. Васильев терма жамоа ихтиёридан қайтиб келганди. 10 кун биз билан бирга эмасди. Шу боис захирадан туширдим. Қолаверса, бармоғида жароҳати бор эди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!