Виктор Кумиков: "Пахтакор"га қарши қанақасига ўйин бўлсин? Ахир клубда биргина нигериялик ўйинчи қолган-ку!

“Андижон” клубидаги вазият оғир. Молиявий муаммолар жиддийлиги сабабли “Андижон”нинг Суперлигада иштирок этиши сўроқ остида турибди. Футболчилар эса тарқатиб юборилган. Бу эса жамоадаги вазият ростдан ҳам жиддийлигини кўрсатиб турибди.

Наҳотки, клубни қутқариб қолишнинг иложи бўлмаса?! Бу ёқда эса маҳаллий мухлислар қаттиқ изтироб чекишмоқда. Эртага эса Суперлиганинг 13-тури доирасида “Андижон” “Пахтакор”га қарши майдонга тушиши керак эди. Лекин бугун U-21 жамоалари ўртасидаги ўйин ўтказилмади. Биз эса “Андижон” клуби бош мураббийи Виктор Кумиков билан боғланиб, асл вазият қандайлиги ҳақида суриштирдик.

-  Виктор Балютович, клубга нима бўляпти? Футболчиларни сиз қўйиб юбордингизми ёки бу раҳбариятнинг қарорими?

-  Мен қандай қилиб ўйинчиларни қўйиб юборай? Бари раҳбарият томонидан берилган буйруқ. Улар футболчиларни кетказиб юборинглар, деди, биз эса буни бажардик. Ҳозир жамоада нигериялик бир ўйинчи, жамоа бошлиғи ва мен қолдим холос. Ўзимиз ҳеч нарсани билмаймиз. Шунчаки, бизга буйруқни бажаринглар дейишди холос. Шу боис биз буйруқни бажардик, энди нима бўлади, буни билмаймиз.

-  Демак, эртага “Пахтакор”га қарши жамоангиз ўйнамас экан-да?

-  Ҳа, шундай деб ўйлайман. Ахир қанақасига ўйин бўлсин? Чунки клубда биргина нигериялик ўйинчи қолган-ку! Юқорида айтганимдек, мен ва жамоа бошлиғи, бир ўйинчи билан қандай қилиб “Пахтакор”га қарши тўп суришимиз мумкин?

кумиков55555

-  Бунга қадар ўйинчилар ойлик маошлардан тўпланиб қолган қарзлар туфайли майдонга тушишни истамаган ҳолатлари ҳам бўлганми?

-  Йўқ, бундай ҳолат кузатилмаган. Биздаги вазият ишчи ҳолатида эди. Ҳамма гап клубнинг эртанги кунига боғланиб қолганди. Яхшиси, буларнинг барчаси ҳақидаги маълумотларни раҳбарият айтиб беришади. Мен эса вазиятнинг икир-чикиридан бехабарман. Қолаверса, юқоридагилар менга ҳеч нарса дейишгани йўқ. Шунчаки, раҳбарият томонидан ўйинчиларга жавоб бериб юборинглар деган буйруқ бўлди. Шундан бошқа ҳеч ким менга гапирмади.

-  Футболчилар ва сиз мураббийлар штаби вакиллари қанчадан бери маош олмаяпсизлар?

-  Уч ой: июнь, июль ва август. Клубнинг яна бошқа қарздорлиги бор-йўқлигидан хабардор эмасман. Мана шундай молиявий муаммолар туфайли ҳеч ким ажабланмасдан ўз ишини бажарарди, футболчилар тўп суришда давом этарди, биз мураббийлар ишлардик. Лекин еб-ичиш, тирикчилик учун пуллар йўқ эди. Бундай пайтда таъминот ҳақида гапиришга ҳожат йўқ. Бундан кейин нима бўлишини билмайман. Ҳаммасини раҳбарият ҳал қилади.

-  Клубни қутқариб қолиш учун умид борми?

-  Шундан умид қиляпмиз. Лекин кеча ва бугун ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Балки бу ҳафта ниманидир ҳал қилишса керак.

-  Бундай шароитда ўзингиз нима қилмоқчисиз?

-  Агар жамоа тарқатиб юбориладиган бўлса, нима ҳам қилардим? Мен ўз ишимни қилдим.

-  Бирор-бир режангиз борми?

-  Ҳозирча бу борада бирор нарса дея олмайман. Ҳаммаси узил-кесил ҳал бўлаверсин-чи. Шундан кейин вазиятга қараб режалар тузишим мумкин.

кумиков янги

-  “Андижон”да иш бошлашдан олдин клубда молиявий муаммолар борлигидан хабарингиз бормиди?

-  Ҳа, хабардор эдим. Бироқ вазият изига тушиб кетади деб ўйлардим. Бахтга қарши вазият яхши томонга ўзгармади. Аксинча, сафар ўйинларига бориб келиш учун ҳам пул бермай қўйишди, бизни унутишди.

-  Бутун бошли вилоятда бир клубни сақлаб қолишнинг иложи йўқлиги сизни ажаблантириб қўйдими?

-  Албатта, ахир мен бундай ҳолатни фаолиятим давомида биринчи бор кўриб турибман. Ваҳоланки, 30 йилдан бери мураббийлик қилиб келаман. Бундай ҳолатни илгари ҳеч қаерда кўрмагандим. Устига-устак бу вилоят бош клубидир.

-  Агар “Андижон” “Қўқон-1912”ни ютганида вазият яхши томонга ўзгарган бўлармиди?

-  Гап “Қўқон-1912”га қарши ўйинга бориб тақалмайди. Агар қарздорликлар ундирилганида ўйинимиз ҳам бошқача чиққан бўларди. Мавҳумлик, маошлар билан боғлиқ қарздорлик ўйинчиларнинг руҳиятига ёмон таъсир кўрсатди. Бундай шароитда ким ҳам жон куйдириб ўйнарди?

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!