Виртц "Ливерпуль"даги омадсиз мавсумдан сўнг ортга чекинмоқчи
«Ливерпуль» ярим ҳимоячиси Флориан Виртц муваффақиятсиз ўтган дебют мавсумидан сўнг Мюнхеннинг «Бавария» клубига ўтиш имкониятига жиддий қизиқмоқда.
Германия терма жамоаси аъзоси 2025 йил ёзида «Байер»дан 116 миллион фунт эвазига англияликлар сафига қўшилган, аммо Премьер-лига услубига тўлиқ мослаша олмади. Мутахассислар фикрича, Бундеслига футболчининг ўйин услубига кўпроқ мос келади.
Премьер-лигада фаолият юритган собиқ скаут Мик Брауннинг таъкидлашича, Виртц Англия чемпионатидаги жисмоний кураш ва юқори суръатга мослаша олмаган.
- Унинг «Ливерпуль» таркибидаги энг яхши ўйинларининг кўпчилиги айнан Европа мусобақаларига тўғри келди. Агар расмий таклиф тушса, у «Бавария»га қўшилишни истайди, чунки у ердаги ўйин услубига анча мос тушади, — деди Браун.
Шу билан бирга, тарқалаётган миш-мишларга қарамай, «Ливерпуль» раҳбарияти ҳозирча футболчидан воз кечиш ниятида эмас.
- Клуб унга ҳали ҳам ишонмоқда. Яқин вақт ичида «Ливерпуль» Виртцдан қутулишни режалаштираётганига ишонмайман. У шу ой бошида Чемпионлар лигасида «Атлетико»га қарши ғалабали ўйинда жуда кучли таассурот қолдирди, — дея таъкидлаган журналист.

Фикрлар