Виталий Левченко: "Жамоада ички муаммоларимиз бор, бу ҳақда оммага жар солишни истамайман"
Суперлига 10-туридан ўрин олган "Бунёдкор" – "Нефтчи" (0:3) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Виталий Левченко ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Бугунги учрашувга яхши тайёргарлик кўрган эдик. "Бунёдкор"нинг "Сўғдиёна" билан учрашувини таҳлил қилиб чиқдик. Ҳужумда агрессивроқ ўйнашимиз керак эди ва ушбу вазифани уддаладик. Бугун чиройли ғалаба қозондик.
Майдонга тушираётган йигитларимизга ўйин амалиётини тақдим этмоқчи эдик. Бизни олдинда ФИФА кунлари кутиб турибди ва бир нечта футболчиларимиз терма жамоаларига йўл олишади. Кейинги учрашувларда уларга албатта имконият берамиз.
Манучеҳр Сафаров ҳам бугунги ўйинда иштирок этмади. Уч нафар футболчимизда ҳам шамоллаш аломатлари кузатилди. Футболчилар икки кун давомида даволанишди. Шу сабабли бугунги учрашувда уларга дам бердик. Йигитлар ўзини ёмон ҳис этишаётганини айтишди.
2:0 ҳисоби биз учун қулай эди. Ҳисобни ушлаб қолишимиз керак эди, аммо биз бир нечта хатоларга йўл қўйдик. Ўйин сўнгида эса яна битта гол урдик ва барчаси яхши тугади.
Жамоада ички муаммолар бор. Ўша муаммоларни ҳал этишимиз керак. Бу ҳақда оммага жар солишни истайман. Умид қиламанки барчаси тез орада тўғирланади.
Биз янги жамоа йиғдик. Футболчиларнинг бир-бирини тушуниб олишига бироз вақт керак. Биз меҳнат қилмоқдамиз. Ҳужумчиларимиз ҳам кўпроқ гол уришни бошлаб юборишди. Янада кўпроқ голлар уришга ҳаракат қиламиз.
Рақиб ҳақида бир нима дейиш қийин. "Қалдирғочлар"нинг мураббийлари бор ва мен уларнинг ишига баҳо беришим нотўғри. Ушбу стадионда биринчи маротаба ўйин ўтказдим. Майдон ҳолати яхши экан. Ўтган мавсум ўз ўйимизда ғалаба, аммо сафарда мағлубиятга учрагандик. Мураббийлар штаби ва раҳбарият ўзаро келишган ҳолда "Бунёдкор"ни янада кучайтиришига ишончим комил. Иккинчи даврада ушбу жамоада яхшироқ ўйин намойиш этишини тахмин қиламан.
Фикрлар