Виталий Левченко: "Осон рақиб ва осон ўйин йўқ"

Cоcа Cоlа Суперлига 13-турида ўз майдонида “Навбаҳор” билан дуранг ўйнаган “Нефтчи” клуби устози Виталий Левченко ўйин, рақиб, дерби ва режалар ҳақида гапирди.

“Бугун дерби номига яраша қизиқарли ва кескин ўйин бўлди. Намангандан ҳам анча мухлислар ташриф буюрди. Бизнинг мухлислар ҳам стадионни тўлдиришди. Ўйин ҳам шунга яраша қизиқарли бўлди, фақатгина голлар етишмади.

Умар Адҳамзода қулай имкониятдан фойдалана олмади, ҳа, бу каби вазиятлар кўп, бизнинг камчилигимиз ҳам шу. Имкониятлардан фойдаланишда оқсаяпмиз.

Чемпионлик учун кураш қизиқарли кечяпти. Жамоалар савияси аввалгидан юқори. Мана, “Навбаҳор” ҳам бугун чемпионлик курашида. Олдида ОЧЛ саралаш учрашувлари турибди. Уларга омад тилайман. Улар чемпионлик курашида ҳам яхши имкониятга эгалар. Яна бир асосий номзод – “Пахтакор” бугун сўнгги дақиқаларда ғалаба қозонди. Бу ҳам ҳозирги чемпионатимиз анча кучайганини билдиради. Осон рақиб ва осон ўйин йўқ.

Мураббий сифатида доимий равишда стадионимизда бугунгидек мухлислар тўлишини истайман. Албатта, биз ҳам бунга ҳаракат қиламиз.

Жамоада рақобат бор ва бу бизни хурсанд қилмоқда. Барчада жисмоний толиқиш бор ва бу табиий жараён. Муҳими, бизда ҳар ким исталган вақт майдонга тушиб ўйинни кучайтира олади. Рақобат бўлиши муҳим жараён”.

ЎзПФЛ матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!