Владо Радманович: "Эронни ҳурмат қиламиз, аммо улардан қўрқмаймиз!"
"CAFA Nation's Cup" турнири ўзининг ҳал қилувчи палласига етиб келди. Эртага мусобақанинг 3-ўрин учун ва финал баҳслари бўлиб ўтади. Мазкур ўйин олдидан Ўзбекистон жамоаси ёрдамчи мураббийи Владо Радманович ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Ҳаммага ҳайрли кун! Финалгача етиб келдик ва олдинда бизни жиддий учрашув кутиб турибди. Эрон кучли жамоа. Биз уларни ҳурмат қиламиз, аммо рақибдан қўрқмаймиз.
Улар гуруҳда иштирокчилар кам бўлгани боис битта кам ўйин ўтказишди. Бу уларга устунлик бериши мумкин.
Эртага футболчиларимиз майдоннинг ҳар бир қарич ери учун курашиши лозим. Мантиқан тўғри қарорлар чиқаришимиз муҳим. Сабаби, рақиб жиддий эканини ҳамма билиб турибди.
Биз рақибни таҳлил қилиб чиқдик. Улар ҳужумкор ўйнашини яхши биламиз. Шунингдек, олдинги чизиқдаги футболчилари ҳам топ даражада. Уларни яхши билишимиз рост. Аммо Эрон терма жамоаси ҳам биз ҳақимизда етарли маълумотга эга.
Футбол тахмин қилиш жуда ҳам қийин бўлган спорт тури. Унда майда деталлар кўп нарсани ҳал қилади. Ўйлаймизки, эртага омад ҳам биз томонда бўлади.
Ҳали ҳам ўша фикрдаман. Имкониятлар 60 га 40 бизнинг фойдамизга. Ҳар доим оптимист бўлишимиз керак. Агар мен ҳамма нарсани билганимда, ҳозир энг муваффақиятли инсонга айланган бўлардим.
Катанец билан вазият яхшиланиб бораётгани ҳақида айтишим мумкин. У интернет орқали бизга омад тилади. Афсуски, у эртанги ўйинни онлайн томоша қилади. Умид қиламизки, у тезда соғайиб кетади ва сафимизга келиб қўшилади.
Эртага катта босим ва масъулият бўлиши мумкин. Аммо мухлисларимиз қаршисида ўйнаётганимиз бизнинг фойдамизга ишлайди. Эроннинг қандай ўйнашини, футболчилари қандай салоҳиятга эга экани ҳақида маълумотга эгамиз. Биз қандай ҳаракат қилишимиз тўғрисида эса эртага якуний қарор қабул қиламиз", - деди мутахассис.
Фикрлар