Воҳид Шодиев: Нима бўлганда ҳам Суперлигада қолишимиз керак

Навоийнинг «Қизилқум» жамоаси 23-турда Бекободнинг «Металлург» клубини қабул қилди ва ушбу тўқнашувда томонлар муроса кўчасини танлашди. Аммо «Қизилқум» ўз уйида ўйнаётгани ва ҳозирда Суперлигада жон сақлаб қолиш учун курашаётгани сабабли уларнинг ғалабасини тахмин қилганлар кўп эди. Аммо иккала жамоалар ҳам бир очкодан бўлишиб олишди. Шундай бўлса-да, мезбонларда имкониятлар кўпроқ бўлганди. Жамоа ҳужумчиси Воҳид Шодиев ҳам мазкур беллашувда тўлиқ ҳаракат қилди ва рақиб ҳимоячиларига муаммолар туғдириб турди. Дуранг билан якунига етган баҳсдан сўнг ушбу ҳужумчи билан суҳбатлашдик.

- «Қизилқум» ҳамда «Металлург» жамоалари ўртасидаги учрашувда ғолиб номи аниқланмади. Айтинг-чи, дуранг ўйинга мос тушдими?

- Иккала жамоанинг ҳам ўйин сифати ўзи кутганчалик чиқмади. Лекин бизда ҳам, рақиб жамоада ҳам голга тортадиган вазиятлар бўлди. Айниқса, жамоамизда меҳмонларга нисбатан кўпроқ имкониятлар бўлди деб ўйлайман. Афсуски, ўзимиз яратган қулай имкониятлардан фойдалана олмадик. Агар вазиятларни голга айлантирганимизда биз бемалол ғалаба қозонган бўлардик. Албатта, тан олиш лозимки, меҳмонлар ҳисобни очиб, ютаётган пайтда уларда яна бир қулай имконият бўлганди. Умуман олганда, ушбу учрашувда ҳамма нарса бўлиши мумкин эди. Бир томондан қараганда, ўйинда қайд этилган дурангни адолатли натижа деб ҳисобласак ҳам бўлади. Бироқ кўпроқ вазият яратган бўлсак-да, фойдаланишда оқсадик.

- Ўйиндаги иккала гол ҳам пенальтидан киритилди. Иккала жамоа ҳам аввало ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлашга эътибор қаратдими?

- Барибир ҳозирги пайтда «Қизилқум» хавфли ҳудудга яқин жойда қолмоқда. Шунинг эвазига биз учун ҳар бир ўйиндаги очко ва ғалаба олтинга тенг. Нима бўлганда ҳам биз бу мавсумда Суперлигада қолишимиз керак. Кейин янги йилдан бошқача ёндашув бўлади ва ҳаммаси ўзгаради. Бунинг учун эса бу йил жамоани албатта кучлилар орасида сақлаб қолишимиз жуда ҳам муҳим.

шодиев вохид 1

- Чемпионат тугашига учта тур қолди. Аммо Суперлига ўйинлари яна салкам бир ойга ортга сурилди. Чунки орада терма жамоамизнинг ўйинлари бор. Тақвимдаги бундай ўзгаришга қандай муносабатдасиз?

- Ҳар қандай ҳолатда ҳам терма жамоанинг ўйини биринчи ўринда туради. Чемпионатимизда 20 кун дам олиш бўлади дегани билан жамоамиз шунча кун давомида фақат ҳордиқ чиқармайди. Нари борса, 3 ёки 4 кун дам олишимиз мумкин. Кейин яна машғулотларга киришиб кетамиз. Билсангиз, бир ҳафтанинг ичида кетма-кет учта тур ўйинини ўтказамиз. Бу эса футболчиларга жисмоний томондан қийинчиликлар туғдириши аниқ. Шунинг учун астойдил тайёргарлик кўрмасак бўлмайди. Албатта, ўша 20 кунлик танаффус орасида ўртоқлик учрашувлари ҳам режалаштирилган. Бир томондан чемпионатда мана шундай танаффус бўлгани ёмон, аммо иккинчи томондан қараганда, терма жамоамиз ўйнайди ва буни тўғри қабул қилиш керак. Аслида ҳар бир клуб ва футболчи ҳам аслида терма жамоа манфаати учун майдонга тушади.

- Охирги учта ўйин «Қизилқум» учун янада аҳамиятлидир. Аммо охирги ўринда яққол аутсайдер бўлиб келаётган «Динамо» бу турда ҳам ютқазди. Бу эса сизларни бироз хотиржам қилмайдими?

- Йўқ. Ҳали олдинда учта тур бор. Демак, яна ҳамма нарса ўзгариб кетиши ҳам мумкин. Олдиндан нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Барибир бешта жамоа хавфли ҳудудда қолмоқда. Гарчи очколар ўртасида тафовутлар бўлса-да, учта турда ҳамма нарса ўзгариб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Биз шуни эсдан чиқармаган ҳолда кейинги ўйинларга тайёргарлик кўрамиз. Юқорида айтганимдек, ҳар бир очко олтинга тенг. Ҳамма нарса бўлиши мумкин, аммо биз қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Биз охирги учта учрашувда имкон қадар ғалабалар қозонишга ҳаракат қиламиз. Турнир жадвалига қарасангиз, бизда ҳатто 8-9-ўринларга ҳам имконимиз бор. Шундай экан, бизда ҳали имконият сақланиб турибди. Биз бошқа жамоаларнинг ўйинини кузатмасдан фақат ўзимизнинг ўйинимиз ҳақида ўйлашимиз лозим.

- Барибир навоийлик мухлислар жамоадан хавотирдалар. Эътиборлиси, «Қизилқум» охирги турларни асосан яқин таъқибчиларига қарши ўтказади…

- Ҳа, кейинги турларда «Бухоро», АГМК ва «Андижон» жамоалари билан ўйнаймиз. Кўп нарса ўзимизга боғлиқ. Биз мана шу учта ўйинга жиддий тайёргарлик кўришимиз керак. Ҳамма нарса бўлиши мумкин.

шодиев вохид

- Ўтган йили қуйи лигада «Машъал»да ўйнаётгандингиз. Бу йил эса Суперлигада тўп суряпсиз. Аммо ўтган мавсумда кўпчилик сизни энди элитага қайта олмаса керак деб ўйлашганди…

- Ҳаммада ҳам ўзига яраша «спад» ва «подьём» бўлади. Аслида биринчи лигада ўйнашимга «спад» сабаб бўлди деб ҳам ўйламайман. 2018 йилги мавсум бошланишига оз фурсат қолганида жамоасиз қолиб кетдим. У пайтда барча клублар ўзига керакли футболчиларни тўплаб бўлганди. Ўшанда ҳар хил вазият бўлганди. Лекин муҳими мен нима бўлса ҳам футбол ичидаман. Ўшанда ҳам барибир келаси йили Суперлигада ўйнайман деб олдимга мақсад қўйгандим. Мана, қўлдан келганича элитада ҳам ҳаракат қилиб келяпман.

- Ҳужумчидан биринчи навбатда гол талаб қилинади. Суперлигада эса ҳужумчилар учун гол уриш қийинлашиб кетяптими?

- Ҳамма жамоа биринчи навбатда ҳимояни ўйлайди, кейин ҳужум қилади. Биз ҳам рақибни ўрганамиз, бизни ҳам ўрганишади. Масалан, «Металлург» билан ўйнаган бўлсак, биз уларнинг охирги учрашувларни тўлиқ кўриб чиққандик. Кимнинг қандай устун томонлари бор ва шуларни зарарсизлантиришга ҳаракат қиламиз. Агар рақиб кучли бўлса, уларнинг ҳужумчиларига нисбатан гол уриш қулайроқ.

- «Қизилқум» ҳам биринчи навбатда ҳимояланишни ўйлайдими?

- Деярли ҳамма жамоа шундай. Биринчи навбатда ҳимоя, кейин эса ҳужум. Кўпчилик энг яхши ҳимоя – бу ҳужум дейишади. Лекин ҳеч ким Бразилия эмас-ку, хоҳлаганча гол ургани. Ҳимояда иложи борича тўп ўтказмаслик учун ўйнасангиз барибир олдинда гол уриш борасида имкониятлар бўлади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!